Бугун, 4 декабрда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Конституция – миллий тараққиётимиз кўзгуси ” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икрамов ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, шунингдек, Ички ишлар органлари ходимлари иштирок этишган.
"Тадбирда сўзга чиққанлар бош қомусимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш, таълим, фан, маданият ҳамда маънавият ривожида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганлигини алоҳида таъкидлашди",-дея тадбир хусусида маълум қилинади.
Шунингдек, таъкидланишича, “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий тамойилга таянган ҳолда одамларнинг дардини эшитиш бугунги куннинг асосий вазифаси бўлаётгани таъкидланган.
Қайд этилишича, тадбир давомида Конституциянинг яратилиш тарихи, унинг демократик-ҳуқуқий давлат барпо этиш ва инсон манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, бош қомуснинг халқчиллиги, халқаро ҳуқуқ нормаларига мослиги ҳақида атрофлича маълумот берилган.
Якунда Ички ишлар вазирлиги Маданият саройи ансамбли хонандаларининг мусиқий чиқишлари намойиш этилган.