Кеча Ливан пойтахти Байрут шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё-Океания чемпионати ўз якунига етди.
Якшанба куни ёшлар ўртасидаги мусобақаларнинг оғир вазн тоифасидаги ғолиб ва совриндорлари номи маълум бўлди. Қувонарли жиҳати, кечаги баҳсларда татамига чиққан 7 нафар дзюдочимизнинг барчаси медаллар билан тақдирланишди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги хабар берди.
Кечаги беллашувларда ёшларимиздан Суҳроб Ражабов (-100 кг) Исломбек Равшанқулов (+100 кг), Фарангиз Холмуродова (-70 кг), Ирисхон Қурбонбоевалар (-78 кг) олтин, Хосият Машарипова (+78 кг) кумуш, Нурбек Муртазоев (-81 кг) ва Дилшод Баҳодировлар (-90 кг) эса бронза медалига сазовор бўлишди.
Аввалроқ, Осиё-Океания чемпионатида ўсмирларимиз 9та олтин, 5тадан кумуш ва бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллашган эди. Кеча ёшларимиз ҳам икки кунлик муросасиз беллашувлар якунига кўра қитъада тенгсиз эканлигини исботлашди.
Ёшлар терма жамоамиз 7та олтин, 2та кумуш, 6та бронза, жами 15та медал билан 15та давлат орасида умумжамоа ҳисобида фахрли 1-ўринни банд этишди. Тўрт кун давомида Байрутда 16 маротаба Ўзбекистон мадҳияси янгради. Таъкидлаш керак, мамлакатимиз дзюдоси тарихида ҳали бундай натижа кузатилмаган эди.
Ёшлар ўртасидаги беллашувларда Қозоғистон терма жамоаси 3та олтин, битта кумуш, 5та бронза медали билан 2-ўринни қўлга киритган бўлса, кучли учликка 2та олтин, 5та кумуш, 4та бронза медали билан Жанубий Корея терма жамоаси якун ясади.






