1

Қорабоғ урушидаги ҳарбий ўлжалар музейига саёҳат (фоторепортаж)

ДУНЁ 07.12.2021, 00:39
Қорабоғ урушидаги ҳарбий ўлжалар музейига саёҳат (фоторепортаж)

Тошкентдаги Озарбайжон маданий маркази ташаббуси билан Озарбайжон Республикасининг бир нечта ҳудудларига ташкил қилинган пресс-тур давомида Баку шаҳридаги “Ҳарбий ғаниматлар музейи”да ҳам бўлдик. Пойтахтнинг шундоққина биқинида, Каспий денгизи бўйида жойлашган мазкур музейда 44 кунлик уруш – 2-Қорабоғ муҳорабасида Озарбайжон томонидан қўлга киритилган Арманистон ҳарбий ўлжалари жой олган. 

Ушбу музейда Қорабоғ урушида Арманистон томонидан қўлланилган зирхли техникалар, артиллерия қуроллари, автомобил техникалари ва тиркамаларни экспонатлар сифатида кўриш мумкин.

Шунингдек, Арманистон ҳарбий кучлари томонидан Фузулий, Жаброил, Агдам, Тартар, Горанбой бирлашмалари ҳудудларида қўлланилган ҳарбий ҳимоя усуллари макетлари ҳам музей майдонидан ўрин олган. У ҳудудда танклардан ҳимояланиш учун 3-4 метр чуқурликда қазилган хандақлар, бетон тўсиқлар, металл кирпилар, тиканли сим тўсиқлар ва минали ҳудуд ҳудди уруш майдонидагидек қилиб жойлаштирилган.

Қизиғи, хандақлар деворларидаги бетон тиргаклар Қорабоғ ҳудудларида бир пайтлар юзлаб гектарлардаги узумзорларда ўрнатилган токларни ушлаб турган бетонлардан олиниб, териб чиқилган. 

Музей ҳудудини кезар экансиз, бу ерда ҳар бир элементлар қўлга киритилган "ўлжа"лардан ясалганига гувоҳ бўласиз. Мисол учун, йўлаклардаги фонарлар ва ўриндиқлар ҳам мини ракеталар ҳамда қурол сандиқларидан қайта ишланган.  

Экспонатлар ичида қуйидаги комбинация кўпчиликнинг эътиборини ториши табиий. Бу урушдан жабрланган хонадонлардан бирига келиб тушган ракета. Айтишларича, хонадон аҳли стол атрофида овқатланиб ўтирган пайтда ушбу ракета унга келиб урилган ва бахтли тасодиф туфайли портламай қолган. 

Майдонда Озарбайжоннинг ишғолдан озод қилинган шаҳар, касаба ва кентлари акс эттирилган хронологик маълумотлари ҳам мужассамлаштирилган.

Бу ерда 2 соатдан ошиқроқ ўтган вақтда ташриф буюрувчиларга аҳамият қаратдик. Ҳар хил ёш тоифасидагилар бор. Туш пайтига бориб, ҳатто, кирувчилар навбати кўпайиб кетди. Мактаб ўқувчилари ўз ўқитувчилари билан келиб, Қорабоғ тарихи ва бугуни ҳақида маълумотларга эга бўлиб қайтишмоқда.

Очиқ осмон остидаги мазкур музейга кириш учун чипта нархларига ҳам қизиқиб кўрдик. Хуллас:

Озарбайжон фуқароларига – 2 azn (таҳм. 13 минг сўм);

6 ёшгача бўлган болалар учун бепул;

Хорижий фуқароларга эса 10 azn (таҳм. 65 минг сўм).

Шунингдек, бу ерга имтиёзли равишда кириш ҳуқуқига эга бўлганлар ҳам бор, улар – Озарбайжон миллий қаҳрамонлари, шаҳидлар оилалари, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва интернат мактаблари ўқувчилари, Озарбайжон Республикаси музейлари ҳамкорлари.

Ҳар бир экспонатнинг русуми ва бошқа батафсилроқ маълумотларга эга бўлиш истагидагилар учун музейнинг махсус сайти ҳам ишга туширилган.

 

Сардорбек Раҳмонқулов

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1