Кеча, 7 декабрь куни Абу – Даби шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков БАА Бош вазирининг ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазир Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди.
Музокаралар чоғида инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни чуқурлаштиришнинг истиқболлари муҳокама қилинди, дея маълум қилмоқда вазирлик.
"Бу борада юзага келаётган баъзи масалалар ҳамда қўйилган вазифаларни ижро этиш учун келгусидаги ўзаро ҳамкорлик механизмлари кўриб чиқилди",-дея алоҳида таъкидланади хабарда.
Томонлар Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган амирлик сармоялари ҳажмини оширишнинг юқори динамикаси ва амирлик компаниялари томонидан лойиҳаларни амалга оширишда эришилган муваффақиятларни қайд этишган.
Жумладан, Masdar компанияси жорий йилнинг август ойида Ўзбекистонда биринчи қуёш электр станциясини ишга туширган ҳамда ҳозирги кунда учта янги қуёш электр станцияси, хусусан, 457 МВт қувватга эга Шеробод ҚЭС, 220 МВт қувватга эга Самарқанд ҚЭС ва 220 МВт қувватга эга Жиззах ҚЭС қурилиши бўйича ўтказилган тендерларда ғолиб бўлган. Ўзбекистонда Masdar лойиҳаларининг умумий портфели ҳозирда 2 млрд доллардан ортгани айтилади.
Мулоқот чоғида энергетика, қишлоқ хўжалиги, молия сектори, инфратузилмани ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш каби инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинган.






