“Тошкент давлат техника университети Термиз филиали ўғил болалар ётоқхонасидаги электрошит ёниб кетиб — портлаганлиги айтилмоқда” сарлавҳаси остида видео маълумот тарқалди.
Фавқулотда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, ушбу ҳодиса юзасидан Сурхондарё вилояти ФВБга хабар келиб тушмаган.
Аниқланишича, воқеа кеча, 7 декабр куни соат 22:00 лар атрофида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жойлашган Тошкент Давлат Техника Университети Термиз филиалининг ўғил болалар ётоқхонасида содир бўлган. Унда бинодаги “электрошит”га юқори юкланиш оқибатида тутун чиққан. Ётоқхона коменданти томонидан бинонинг электр таъминоти асосий тармоқдан узилгандан сўнг тутун тўхтаган. Ушбу вазиятда ҳеч қандай ёнғин, портлаш ҳодисаси содир бўлмаган. Вазият оқибатлари университет электриги томонидан бартараф этилган.
Эслатиб ўтамиз: куни кеча Сурхондарё вилояти Денов шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган 2 қаватли “Инденим” савдо мажмуаси биносида кучли портлаш содир бўлган эди.
Портлаш натижасида ҳозирча икки киши ҳалок бўлгани айтилди.






