Тошкент вилоятида битта автобус ва 4 та енгил машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, бугун, 9 декабрь куни соат 07:30 ларда, Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ тумани ҳудудидан ўтган "Тошкент-Олмалиқ" автомобиль йўлининг 36-километрида, туманли об-ҳаво шароитида йўлнинг кўриниш масофаси камлиги сабабли бир йўналишда олдинма-кетин ҳаракатланиб келаётган:
- "Damas";
- "Nexia";
- "Spark";
- "Nexia-3" русумли автомобиллар ҳамда "Isuzu" русумли автобус иштирокида тўқнашув содир бўлган.
Тўқнашув натижасида тан жароҳати олган фуқаролар йўқ. Мазкур ЙТҲ юзасидан Юқоричирчиқ тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан ҳодиса жойида суриштирув олиб борилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда, дейилади хабарда.






