Бугун Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида волейбол бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида Ўзбекистон кубоги баҳсларига старт берилди.
Эркаклар ўртасидаги баҳсларда жами 10та жамоа “А” ва “Б” гуруҳларига бўлинишган ҳолда баҳсларга киришди. Мусобақада мамлакатимизнинг энг кучли волейбол жамоалари бўлмиш “Ўзтелеком”, АГМК, “Миллий гвардия” сингари жамоалар ҳам иштирок этишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Самарқанднинг “Ўзтелеком” жамоаси мамлакат чемпионига айланган бўлса, АГМК клуби суперкубокни қўлга киритган эди.
Аёллар ўртасидаги мусобақаларда эса 6 та жамоа баҳслашмоқда. Ажабланарлиси, баҳсларда мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони – Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг СКУФ жамоаси қатнашмаяпти. Бу эса ўз-ўзидан Нукус давлат педагогика институти волейболчи қизларини мусобақа фаворитига айлантиради. Бироқ, спорт кутилмаган натижаларни тақдим этиши билан жозибадор ва умид қиламизки, Нукусдаги Ўзбекистон кубоги баҳслари бизга янги жамоаларни кашф этиб берса.
Ўзбекистон кубоги ўйинларини бошқариб бориш учун 18 нафар ҳакам жалб этилган бўлиб, саралаш мусобақалари 13-декабрга қадар давом этади. Ярим финал ва финал баҳслари эса 14-15-декабр кунларига белгиланган.