Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 565-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди Бу ҳақда қуйи палата Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан автомототранспорт воситалари электрон савдо платформаси орқали ижарага берилганда, шартномани нотариал тартибда тасдиқлаш талаби бекор қилинмоқда. Бу каби шартномалар оддий ёзма шаклда тузилиши мумкинлиги белгилаб берилмоқда.
Депутатлар таъкидлашича, қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан автомототранспорт воситаларини ижарага бериш билан боғлиқ муносабатлар енгиллашади, ижара бозори ривожланади. Шунингдек, автомототранспорт воситаларини ижарага бериш соҳасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ортиқча оворагарчилигининг олди олинади.






