Республика таълим маркази ва Корея Республикаси элчихонаси ҳузуридаги Корея Республикаси таълим маркази ўртасида жорий йилнинг 8-август куни Ўзбекистонда Корейс тилини ўқитиш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзоланган эди. Бу ҳақда Марказ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унга кўра, Корейс тилини ўқитиш бўйича янги ўқув дастурини ишлаб чиқиш, дастур асосида дарсликлар яратиш ҳамда корейс тили ўқитувчилари тайёргарлигини оширишдан борат вазифаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Ҳозирда мазкур ҳамкорликнинг биринчи босқичи саналган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш жараёнлари давом этмоқда. Дастурни ишлаб чиқиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ раҳбари Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон Корея халқаро университети Корейс тилини ўқитиш профессори Жи Мун Гон бугун Республика таълим марказига ташриф буюрди.

Учрашувда ҳамкорлик доирасида амалга оширилган ишлар натижаси, ҳолати ҳамда келгусидаги қадамлар ҳақида ўзаро фикр алмашилди.
Маълумки, Юртимизда хорижий тилларни ўргатишни таълим сиёсатининг устувор йўналиши сифатида ривожлантириш, ушбу йўналишда таълим сифатини тубдан ошириш, соҳага малакали педагогларни жалб этиш ҳамда аҳолининг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 19-майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5117-сонли қарори қабул қилинган эди.

Корея Республикаси таълим маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган жараёнлар ҳам қарорда белгиланган талаб юқори бўлган камида ўнта хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш, хорижий тилларни ўқитишнинг халқаро тан олинган дастур ва дарсликлари таълимнинг барча босқичларида жорий этилишини мувофиқлаштириш ҳамда ўқитувчиларда замонавий ўқитиш кўникмаларини ривожлантиришдан иборат вазифалар ижросини амалга оширишга хизмат қилади.
Бу ҳақда Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов: “Корейс тили ҳам Ўзбекистон мактабларида ўқитилиши керак бўлган 10 та энг муҳим хорижий тилдан бири ҳисобланади. Айни шу жиҳатдан олиб қараганда, бизда корейс тилини ҳам Ўзбекистонда инглиз, немис, франсуз тиллари даражасида, кўплаб умумтаълим мактабларида асосий хорижий тил сифатида ўқитиш имкони бор. Бироқ биз энг аввало, корейс тилига бўлган эҳтиёжни, меҳнат бозорини ўрганамиз, болаларининг чет тилини ўрганиш борасидаги ота-оналар фикрлари билан танишамиз. Кейин шунга қараб корейс тили асосий хорижий тил сифатида ўқитиладиган мактаблар рўйхатини шакллантирамиз. Ўзбекистонда рус, инглиз, немис, араб-форс тилларини ўргатишга ихтисослаштирилган мактаблар бор. Умид қиламанки, келажакда корейс тилини ўқитишга ихтисослашган мактаблар ҳам кўп бўлади”, — дея такидлади.






