АсосийSport

Ушбу ҳафта боксчиларимиз учун қандай якунланди ва олдинда бизни қандай жанглар кутмоқда? Ёхуд "Шоҳжаҳон Промотион" ўз фаолиятини якунлади

'Ушбу ҳафта боксчиларимиз учун қандай якунланди ва олдинда бизни қандай жанглар кутмоқда? Ёхуд "Шоҳжаҳон Промотион" ўз фаолиятини якунлади'ning rasmi

Декабрь ойининг ўтган ҳафтаси ўзбек бокс олами учун катта бир воқелик бўлди. Сабаби, Пойтахтимизда катталар ўртасида бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати старт олди. Қолаверса, яна бир қатор профессионал боксчиларимиз ўзларининг навбатдаги рейтинг жангларини ўтказишди. Қуйида биз ана шу боксчиларимиз томонидан қайд этилган натижалар билан сизни таништирамиз.  

Токио Олимпиадаси чемпиони Баҳодир Жалолов 11 декабр куни Дубай шаҳрида рингга кўтарилди. Узоқ танаффусдан сўнг яна профиссионал рингга кўтарилган Баҳодирга ушбу жангда колумбиялик Хулио Сезар Калимено (4-1-0) рақиблик қилди. 6 раундга мўлжалланган жанг биринчи раунддаёқ якунига етди. Боксчимиз 46-сониядаёқ рақибига кучли зарба берди ва уни рингга қулатди. Ушбу зарбадан сўнг рақиб ўрнидан тура олмади. 

Эслатиб ўтамиз, Баҳодир шу кунгача профессионал боксда 8 марта жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақибини нокаутга учратган. Ушбу ғалаба эса Баҳодир учун тўққизинчи нокаутли ғалаба бўлди. Жангдан сўнг у билдирган фикрларида дивизоннинг чемпионлари билан тўқнаш келишга тайёр эканлигини айтди:

“Алҳамдулиллаҳ, ғалаба қозондим. Бундан кейинги жангларда ҳам ўзбекистонликларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Биз ҳар доим, ким билан бўлса ҳам жанг қилишга тайёрмиз. Мен яна бир-иккита жангдан кейин ким чемпион бўлса ҳаммасига қарши рингга чиқишга тайёрман. Усик, Фюри, Жошуа. Ким бўлишининг фарқи йўқ. Менга чемпион билан тўқнаш келиш муҳим. Мақсадим – оғир вазндаги 4 та камарни Ўзбекистонга олиб бориш”, - деди Жалолов тезкор нокаутдан сўнг.

Айнан шу куни пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ҳам профессионал бокс оқшоми бўлиб ўтди. Кечанинг марказий жангида боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев таиландлик Аеккави Каевманига (23-13-0, 11 КО) қарши рингга кўтарилади. Биринчи раунд сўнггида Шоҳжаҳон кучли зарбаси билан рақибини ерга қулатди ва шу тариқа муддатидан олдин ғалабага эришди. Бу Шоҳжаҳон ҳисобидаги 21-ғалаба бўлди. Шоҳжаҳон таиландлик рақибини нокаутга учратганидан сўнг кўпчилик бокс мухлисларининг саволларига жавоб қайтарди: 

“Бундан кейинги жангларда ҳам байроғимизни баланд кўтаришга ҳаракат қиламан. Кўпчилик менга савол беради. Ҳаммага бирма-бир айтиб чиқишнинг иложи йўқ. Ҳозир фурсатдан фойдаланиб барчага айтаман: ҳали менда ҳаммаси олдинда. Промоутерим билан суд жараёнлари давом этмоқда. Ўша сиз хоҳлайдиган жаҳон чемпионлиги учун жанг қилишни мен ҳам истайман. Бир ярим йил дунёнинг кучли ўнталигида бўлдим. Улар менга чемпионлик жанги ташкил қилишлари керак эди. Сизларнинг хоҳишингизга эргашиб, мен промоутеримни судга бердим. Бу ҳақида интернетдан маълумот олишингиз мумкин. Мени ҳали боксда қиладиган ишларим кўп”, - деди  Эргашев.  

Маълумот учун, Эргашев аввалроқ 20-жанги ва 20-ғалабасини ҳам Ўзбекистонда танатана қилган эди. Ушбу жангдан (21-жанги) сўнг, орадан икки кун ўтиб у яна мухлисларга мурожаат билан чиқди. Мазкур мурожаатда у ўзига тегишли бўлган "Шоҳжаҳон Промотион" ўз фаолиятини якунлагани ҳақида хабар берди. 

"Ҳурматли бокс мухлислари, айрим ҳолатлар сабабли "Шоҳжаҳон Промотион" ўз иш фаолиятини тўхтатишини афсус билан маълум қиламиз. Вақт ўтиши билан биз сиз учун бутун вазиятни ойдинлаштиришга ҳаракат қиламиз. Қўллаб-қувватлаган барчага, шунингдек, ушбу компания ходимларига бизнинг фаолиятимизга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирамиз. Олдинда режалаштирилган янги ғоялар кўп, аммо ҳозирча боксдан танаффус қиляпмиз. Биз тез орада ва янги куч билан қайтамиз", - деб фикр қолдирган Шоҳжаҳон.

Шунингдек, 11 декабр куни Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ҳам профессионал бокс оқшоми ўтказилда. Шоу доирасида ҳамюртимиз Хуршид Тожибоев россиялик Павел Маликовга қарши жанг ўтказди. 10 раундга мўлжалланган жанг тўртинчи раундда якунланди. Ўтказиб юборилган зарбалар натижасида кўзидан жароҳат олган Павел Маликов жангни давом эттира олмади ва ҳамюртимиз муддатидан олдин ғалабага эришди. Бу Тожибоев учун проф рингдаги олтинчи жанг эди. У профессионал боксдаги барча жангларини ғалаба билан якунлаган.

Ҳамюртимиз Қудратилло Абдуқаҳҳоров эса Канада вакили Коди Кроулига қарши рингга кўтарилди. 10 раундга мўлжалланган баҳс тўлиқ давом этди. Жангнинг иккинчи раундида боксчимиз рақибини нокдаун қилишга эришганига қарамасдан, қолган раундларда канадалик боксчи анча яхши ҳаракат қилди ва очколар эвазига ғалаба қозонди. Шу тариқа, Қудратилло Абдуқаҳҳоров фаолиятидаги илк мағлубиятни қабул қилди. Коди Кроули эса фаолиятини мағлубияциз давом эттиришга эришди.  

Бокс бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида Санжар Турсунов ҳам иштирок этаётган эди. Профессионал боксчимиз чорак финал жангида ринга кўтарилди. -92 кг вазн тоифасида Жамшиджон Абдуллаев ва Санжар Турсунов ўртасидаги чорак финал жанги Турсунов учун омадсиз якунланди. 3:2 ҳисобидаги натижа билан Жамшиджон Абдуллаев Токио Олимпиадаси иштирокчиси устидан ғалаба қозонди ва ярим финал йўлланмасига эга бўлди.  

Яна бир воқелик эса 17 декабрь куни пойтахтимиздаги “Ренаиссанcе ҳалл” мажмуасида бўлиб ўтади. Оқшомнинг марказий жангида профессионал боксчимиз Исроил Мадримов Мишел Сорага қарши рингга кўтарилади. Айтиш керак мазкур жангда ўзаро тўқнаш келадиган  ҳар икки боксчи ўз вазн тоифасида WБА рейтингида мос равишда 1 ва 2-ўринни эгаллаб туришибди. Ғолиб эса мазкур йўналиш чемпионлиги учун рингга кўтарилиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, ушбу кечада яна Шаҳрам Ғиёсов, Ҳасанбой Дўсматов, Дилшод Рўзметов, Бектемир Мелиқўзиев, Иқболжон Холдоров, Элнур Абдураимов каби боксчиларимиз ҳам навбатдаги жангларини ўтказишади. Айрим фактларга эътибор қаратадиган бўлсак, Шаҳрамнинг рақиби 39 ёшда. Бектемир Тошкентда илк бор жанг қилади. Ҳасанбойнинг рақиби иккинчи бор Мексикадан ташқарида уришмоқда. Иқболжон Холдоров Шоҳжаҳон Эргашевнинг собиқ рақибига қарши рингга чиқади. Дилшод Рўзметов эса профессионал боксда дебют қилади. Маълумот учун, мазкур кеча “Матчроом” промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилмоқда. Оқшом натижалари билан сиз “Даракчи” нинг кейинги сонида танишишингиз мумкин бўлади.  

Учқун Намозов тайёрлади

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар