Тошкентда “Халқаро ривожлантириш ассоциацияси иштирокида олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистонда техник таълимнинг ривожланиши” мавзусида миллий семинар бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жаҳон банки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Artel Group”, “Real Tex Tashkent” компаниялари, IT-парк вакиллари ва олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этди.
Семинар давомида, тадқиқот натижалари тўғрисида олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва саноат корхоналари ходимларининг хабардорлигини ошириш, ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этишнинг мавжуд тизимини муҳокама қилиш, ушбу тизимни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш, таклиф ва шикоятларни қабул қилиш механизмини такомиллаштириш учун тавсиялар олиш бўйича қизғин муҳокамалар бўлди.
Иштирокчилар мамлакатимизда STEM (science, technology, engineering and mathematics) технология, муҳандислик ва математика йўналишларида (ИТММ) таълим бериш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётганини билдиришди. Бунда, қизларни оммавий тарзда илм-фан, технолоия, муҳандислик ва математика йўналишларига жалб қилиш энг асосий вазифалардани бири эканлиги алоҳида таъкидланди.
Юқори синф ўқувчилари ва талабаларни олий ўқув юртларининг технология, муҳандислик ва математика йўналишларига жалб қилишдаги асосий муаммолардан бири бу барқарор гендер тенгсизлиги бўлиб, бу қизларнинг ушбу йўналишларни кам ҳолатларда танлашига ва уни тарк этишига сабаб бўлмоқда, – деди Р.Хакимов.
Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буюртмасига асосан “Al Mar Consalting” компанияси томонидан ўтган бир йил давомида ИТММ йўналишига ўқишга киришдаги мавжуд муаммолар ота-оналар, ўқувчилар, мактаблар ва кенг жамоатчилик ўртасида ўрганилгани ҳамда бу муаммоларнинг ечими юзасидан таклифлар тайёрлангани маълум қилинди.
Шу ўринда Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, Олий таълимни бошқаришнинг ахборотлаштирилган тизими (XEMIS) ишга туширилди. Ушбу ишларга лойиҳа доирасида жами 2,3 млн.доллар кредит маблағлари йўналтирилди ҳамда 78 та олий таълим муассасалари ва олий таълим тизимини бошқариш инстанцияларига 80 дона замонавий сервер қурилмалари ўрнатилди. Тизим маълумотларни жамлаш ва ишлов бериш, статистик маълумотларни шакллантириш, олий таълим соаҳаси реестрлари ва классификаторларини юритиш ҳамда административ, академик, илмий ва молиявий ҳисоботларни шакллантириш вазифасини бажаради.
XEMIS тизимининг ишга туширилиши ҳозирги кунда бутун дунё иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатган ва кўрсатаётган СOVID-19 пандемияси сабабли санитария-эпидемиологик чекловлар вақтида олий таълим тизимидаги масофавий таълимни сифатли йўлга қўйиш, ўқишдан ўқишга кўчиришга ҳужжат топшириш, QR-код дипломларини шакллантириш, олий таълим муассасалари ва вазирлик ўртасида ахборот алмашиш каби зарур чора-тадбирларни амалга ошириш учун ҳам жуда қулай шароитлар яратди.
Шу билан бирга, 100 дан ортиқ ўқув лаборатория жамланмалари харид қилинди, яъни 40 та ОТМга 36 йўналиш бўйича ўқув лабараториялар фаолияти йўлга қўйилди. Дунёда етакчи бўлган ишлаб чиқарувчиларнинг жиҳозларидан иборат ушбу ўқув лабораториялари учун Жаҳон банки томонидан 17,6 млн. доллар кредит маблағи йўналтирилди.
Замонавий муассасалараро илмий лабараториялар (Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат техника университети, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент давлат транспорт университети, Тошкент архитектура ва қурилиш институти) яратиш учун вазирлик ва халқаро тендер савдолари натижасида танлаб олинган хорижий илғор ташкилотлар билан умумий миқдори 11,0 млн доллар қийматида бўлган 6 та шартнома имзоланди. Яқин кунларда яна замонавий муассасалараро илмий тадқиқот лабораториялари (Тошкент кимё-технологиялари институти) бўйича декабрь ойида қайта халқаро тендер савдолари ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Нидерландиянинг “Elsevier” компанияси компанияси билан 1 млн. доллар қийматида шартнома имзоланди. Шартномага кўра барча олий таълим муассасалари Scopus, Science direct каби халқаро илмий электрон базасидан фойдаланиши таъминланди. Ҳозирги кунга қадар 100 дан ортиқ ОТМда фойдаланувчилар 10 мингдан ортиқ онлайн китоблардан ва 750 мингдан ортиқ онлайн журналлардан фойдаланиб келишмоқда. Тез орада юқорида қайд эьтиб утилган XEMIS тизими асосида электрон кутубхона учун электрон тизим яратилиши режалаштирилган.
Таълим сифатини таъминлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Бирлашган Араб Амирликларининг“Shbeemann” консалтинг компанияси билан 1,2 млн. долларлик 3 йилга мўлжалланган шартнома имзоланди. Шартномадан кутилган асосий мақсад олий таълим сифатини таъминлаш бўйича Ички таълим сифатини таъминлаш ҳамда Ташқи таълим сифатини назорат қилишни такомиллаштиришга қаратилган. Ушбу шартнома натижасида 9 та ОТМ 8 та модулдан иборат бўлган механизм орқали халқаро сифат рейтингида юқори ўринларни эгаллаши кутилмоқда.
Академик инновациялар фонди бўйича барча танлов босқичлари амалга оширилган. Натижага кўра 27 ОТМ билан 32 лойиҳа бўйича жами 4,0 млн. доллар миқдорида шартномалар имзоланди ва шундан 3,5 млн. доллар миқдорида маблағлар молиялаштирилди. Хозирги кунгача ушбу фонд доирасида 65 дан ортиқ хорижий олий таълим ва илмий марказлар билан ҳамкорлик ўрнатилди, 70 нафарга яқин профессор ўқитувчилар ҳамкор хорижий олий ўқув юртларида малака ошириш ишлари йўлга қўйилди.
Тадбирда иштирок этган компаниялар вакиллари томонидан ОТМ техник соҳаларда олий маълумотни тарғиб қилиш бўйича ва саноат билан ҳамкорлик ҳақида тавсиялар берилди, айниқса, аёллар учун олий таълим муассасаларига киришни кенгайтириш вариантлари кенг муҳокамада бўлди.
Бугунги семинар айнан мана шу ўткзилган сўровлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланди десак муболаға бўлмайди.