АсосийJamiyat

Президент ҳудудларда йўл, интернет ва мобиль алоқани яхшилаб, хизматлар сифатини 3-4 баравар ошириш бўйича топшириқ берди

'Президент ҳудудларда йўл, интернет ва мобиль алоқани яхшилаб, хизматлар сифатини 3-4 баравар ошириш бўйича топшириқ берди'ning rasmi

Айни дақиқаларда президент Шавкат Мирзиёев раислигида хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси йил режаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Йиғилиш ушбу соҳалардаги камчиликларни кўрсатиб ўтиш билан бошланди, дея хабар бермоқда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.

Маълум қилинишича, жорий йилда 18 триллион сўмлик 29 мингта лойиҳа амалга оширилиб, хизматлар соҳаси 20 фоизга ўсган. Лекин, 5 та туман ва шаҳарда 10 фоиздан ҳам кам ўсиш кузатилган (Қувада – 5 фоиз, Марғилон,Бешариқ, Тахиатошда – 6 фоиз, Данғарада - 7 фоиз).

Умуман олганда, масъуллар масаланинг ичига кириб, “маҳаллабай” ишламагани оқибатида, аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси пастлигича қолмоқда. Масалан, Бойсун билан Миришкорда қандай хизматларга талаб бор, Марғилон, Оҳангарон ёки Наманган, Самарқандда қайси хизматлар “драйвер” бўлади, деган саволларга аниқ режалар бўлиши зарур”, - деди давлат раҳбари.

Бундан буён хизматлар 158 та қишлоқ туманларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, ривожлантирилади. Энг аввало, йирик туристик объектлари мавжуд 45 та ҳамда 40 та тоғли ва тоғолди туманда “тайёр лойиҳа” (под ключ) асосида, туризм хизматлари йўлга қўйилади.

Масалан, Шаҳрисабз туманининг “Наврўз”, “Мираки”, “Оқдарё” ва “Ҳисор” ҳудудларига йилига 500 мингга яқин сайёҳлар келади. Лекин, йўл, мобиль алоқа ва Интернет, меҳмонхона, умумий овқатланиш инфратузилмаси ривожланмагани боис, сайёҳлар бир кунга келиб, уларга ўртача 150 минг сўмлик хизмат кўрсатилмоқда. Агар 60 миллиард сўм эвазига, ушбу ҳудуддаги 65 километр йўлни таъмирлаб, Интернет ва мобиль алоқа ҳал қилиб берилса, хизматлар 3-4 баробарга ошади. Бу орқали 45 та қишлоқда 2 мингта меҳмон уйи, 5 та меҳмонхона, 100 та овқатланиш ва савдо шохобчаларини ташкил этса бўлади.

Худди шундай, Қамашида жаҳонда саноқли ва ноёб бўлган “Майданак” обсерваторияси ҳамда 14-аср ёдгорлиги ҳисобланган “Лангар ота” масжиди бутун дунёдан туристларни жалб қилади. Бироқ ушбу объектларга олиб борувчи 38 километр йўл таъмирталаб бўлгани учун (40 миллиард сўм зарур), Майданакнинг салоҳиятини тўлиқ ишга солиб бўлмаяпти.

Энди, туристик салоҳияти юқори бўлган туманларнинг “мастер плани” ишлаб чиқилиб, зарур инфратузилма билан таъминланади, ерлар тадбиркорларга тайёр лойиҳа билан аукционга чиқарилади. Бу ишларни дастлабки босқичда бошлаши учун 200 миллиард сўм ажратилади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар