АсосийЖАМИЯТ

"Довюрак жангчи": Ўзбекистон армиясида янгича фарқловчи нишон таъсис этилди

Куни кеча, 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қур...

'"Довюрак жангчи": Ўзбекистон армиясида янгича фарқловчи нишон таъсис этилди'ning rasmi

Куни кеча, 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг жисмоний тайёргарлигини юқори даражада ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини интенсив синовлардан ўтказиш ва уларни "Довюрак жангчи" фарқловчи нишони билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом;
  • "Довюрак жангчи" фарқловчи нишонининг кўриниши ва тавсифи.

 

Маълум қилинишича, низом Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия ва ДХХнинг (кейинги ўринларда - масъул вазирлик ва идоралар) контракт бўйича хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларини (кейинги ўринларда - ҳарбий хизматчилар) интенсив синовлардан ўтказиш ва уларни "Довюрак жангчи" фарқловчи нишони билан тақдирлаш тартибини белгилайди. Шунингдек, интенсив синов деганда ҳарбий хизматчиларнинг жисмонан бақувватлигини, чидамлилигини, экстремал шароитларда турли жисмоний юкламаларга руҳий бардошлилигини синаш бўйича машқлар мажмуи тушунилади.

Шу жумладан, низомда мослашувчанлик кўникмаси, пиёда юриш (марш-югуриш), руҳий барқарорлик, куч машқлари, ягона тўсиқли йўлак, ҳарбий қисмлар, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, экстремал шароит каби тушунчалар қўлланилади.

Маълумот  учун, интенсив синовларни ўтказиш ва "Довюрак жангчи" фарқловчи нишони билан тақдирлаш ҳар йили қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) интенсив синовларда қатнашиш истагини билдирган ҳарбий хизматчилар 15 августга қадар бевосита командирларига (бошлиқларига) билдирги билан мурожаат қилади;

б) номзодларнинг билдиргилари 25 августга қадар ҳарбий қисмларнинг умумий йиғилишида, уларнинг охирги бир йиллик хизмат фаолиятини муҳокама қилган ҳолда кўриб чиқилади ва номзодларнинг рўйхати 1 сентябрга қадар Интенсив синовларни ўтказиш комиссиясига (кейинги ўринларда -  Комиссия) тавсия этилади;

в) Комиссия номзодларни тиббий кўрикдан ўтказади ва интенсив синов босқичларида иштирок этишга рухсат беради;

г) интенсив синовлар ҳар йили 15 сентябрдан 30 сентябрга қадар ҳар бир вазирлик ва идоранинг интенсив синовларни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида ички идоравий ҳужжатига мувофиқ алоҳида-алоҳида бўлиб ўтади.

    Бошқа янгиликлар