Гўзал ва бетакрор Шуша. Қорабоғнинг юраги. Озарбойжоннинг маданият пойтахти. Бир пайтлар маданият ўчоғи бўлган, не-не буюк ёзувчилар, шоирлар-у мусиқашунослар етишиб чиққан диёр. Тошкентдаги Гайдар Алиев номли Озарбойжон маданият маркази томонидан Қорабоғга ташкил қилинган пресс-туримизнинг навбатдаги манзили Шуша шаҳри бўлди. Қаерга қараманг, эски бозорлар, театрлар, уй-музейлар, карвонсаройлар, аҳоли пунктлари, масжидлар (бу ҳақда кейинроқ), черковлар ва ҳатто, хон саройининг харобаларидан иборат “руҳ шаҳар”га айланиб қолган Шуша 1992-2020 йилларда тан олинмаган Тоғли-Қорабоғ (Арманистон) таркибида бўлган. 2020 йил 8 ноябрда "44 кунлик уруш" якуни билан Озарбойжон Республикаси назоратига ўтган.


Фото: Сардорбек Раҳмонқулов

Фото: Сардорбек Раҳмонқулов

Фото: Сардорбек Раҳмонқулов
Шаҳарда айни пайтда қурувчилар, тиббий хизмат ҳодимлари ва ҳарбийлардан ташқари меҳмонлар учун 1-2 та хизмат кўрсатиш объектлари (кафе, меҳмонхона ва озиқ-овқат дўконлари) ишламоқда. Шаҳар харобалари оралаб борар эканмиз, Шуша марказида XVIIIасрга оид сарой вайронаси ва юнинг ёнида 3 кишининг четлари “учган” бюстига кўзимиз тушди: Узейир Хажибеёв, Хуршидбану Натаван ва Булбул.
Хўш, улар кимлар эди?
Шуша бежизга «маданият пойтахти» дейилмайди. У хонандалар, яъни муғом (мақом) ижрочилари шаҳри. Чунки кўплаб муғомчилар айнан шу шаҳардан етишиб чиққан. Қолаверса, рассомлар, шоир-у ёзувчилар, бастакорларнинг ҳам бу диёрда туғилиб ўсганлигидан озарбойжонликлар Шушага «назар тушган шаҳар» дея таъриф берадилар. Юқорида биз тилга олган қаҳрамонлар ҳам шулар жумласидандир.
"Аршин молчи" комедияси ва Озарбойжон мадҳияси муаллифи
Узейир Ҳажибеёв (1885-1948)— бастакор, дирижёр, мусиқашунос, олим, публицист, драматург, педагог ва ижтимоий ходим, замонавий Озарбойжон профессионал мусиқа санъати ва миллий операси асосчиси.1908 йил 12 январда (янги тақвим билан 25 да) Бокуда Ҳожи Заялобиддин Тагиев театрида қўйилган “Лайли ва Мажнун” операси билан фақат Озарбойжонда эмас, барча мусулмон Шарқида опера санъатининг асоси қўйилган. “Лайли ва Мажнун” билан мусиқа тарихида операнинг янги тури – муғом операси юзага келди. Узейир Ҳажибеёв ҳам Озарбойжон ССР, Озарбойжон Халқ Жумҳурияти мадҳияларининг бастакори бўлган.

Фото: Сардорбек Раҳмонқулов
Унинг энг машҳур асарларидан бири ва охирги мусиқали комедияси “Аршин молчи”дир. “Аршин молчи” мусиқали комедиясида инқилобдан аввалги Озарбайжон маишати, халқ одат ва анъаналари ўз аксини топган. Унинг бу опереттаси 70 га яқин чет тилларига таржима қилиниб, 100 дан ортиқ театр саҳнасида қўйилган, беш марта экранлаштирилган.
1918йилда арманларнинг Озарбайжонда содир этган март қирғини пайти арман дошноқлари Узейирбейнинг уйини ўққа тутишади. Шарқнинг илк операсини ёзган бастакорга ҳасад билан қаровчи дошноқлар уйнинг деворларини, томини ўқ ёмғирига тутдилар.
Юзлаб машҳур асарлари қаторида 1937йилнинг 30апрелида Озарбойжон Опера ва балет театрида илк бора томошага қўйилган “Кўрўғли” операси эсахалқ қаҳрамонлик достонининг мотивларига асосланган илк классик опера ҳисобланади. Бу асар Узейир Ҳажибеёв ижодининг чўққиси ҳисобланади. Узейир Ҳажибеёв ҳаётининг сўнгги йилларида охирига етмай қолган “Феруза” операси устида ишлаган.
Сўнгги Қорабоғ хонининг қизи, шоира
Хуршидбону Нотавон (1832-1897) – шоира, сўнгги Қорабоғ хони Мехтиқули Жаванширни қизи. Нотавон Озарбойжон халқи учун севимли ва ҳурматли хоним бўлган. Сабаби унинг ташаббуси билан Шушада сарой, масжид, савдо уйлари, театр, қишги ва ёзги клуб, “училиши” ва кўплаб ўқув ва маданий даргоҳлар қурилган. 1872 йили айнан Хуршидбону 10 км узоқликда жойлашган Сарибобо ҳудудидаги Исо булоғидан 10 минг рубль сарфлаб, Шуша аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаган. У булоқ суви хозирга қадар “Хон қизи суви” номи билан машҳур. Хуршидбону Нотавон бутун умри мобайнида халқни бахтли қилиш дарди билан яшаган.

Фото: Сардорбек Раҳмонқулов

Фото: Интернет манбаларидан
Хозирда малика Хуршидбону яшаган Нотавон (XVIII аср) саройидан фақат харобалар қолган.

Фото: Интернет манбаларидан

Фото: Сардорбек Раҳмонқулов

Фото: Сардорбек Раҳмонқулов

Фото: Сардорбек Раҳмонқулов
Булбул
Муртуза Мешади Ризо ўғли Мамедов (1897-1961) – озарбойжон опера хонандаси, педагог ва халқ артисти. Озарбойжон миллий мусиқали театрининг асосчиларидан бири. Унинг ёшлигидан маълум бўлган бетакрор овози Булбул тахаллусини олишига сабаб бўлган. У собиқ Иттифоқ конкурсининг биринчи озарбойжонлик лауреати, ўзига хос шарқ хонандалигидан Европа қўшиқчилик мактабига ўтган биринчи вокалчи, озарбойжон миллий қўшиқчилигининг энг яхши услубларини рус ва Европа мактаблари билан синтез қилиб, Озарбойжонда янги вокал мактабини яратган. Кўплаб машҳур асарларнинг бош ролларини ижро қилган.

Фото: Интернет манбаларидан

Фото: Сардорбек Раҳмонқулов
“Отилган ва шаҳид қилинган ҳайкаллар”
Бу шахслар шарафига бунёд этилган бюстлар 1992 йилга қадар Шушада, айнан шу жойда Озарбайжоннинг миллий тимсоллари сифатида турган. Арманистон армияси Шушани босиб олгандан кейин бу ҳайкаллар Ереванга олиб кетилади. Кейин ушбу бронза ҳайкаллар Грузияга металл сифатида сотиб юборилади. Озарбайжоннинг собиқ президенти Ҳайдар Алиевнинг аралашувидан сўнг улар Грузиядан пойтахт Бакуга олиб келинган. 2-Қорабоғ муҳорабасидан сўнг 2021 йилнинг 14 январь санасида бюстлар Шушага, ўз жойига қайтарилади. Уларни Озарбойжоннинг амалдаги президенти Илҳом Алиев шахсан ўзи очиб берган. Ҳозирги вақтда мазкур уч бюстлар “отилган ва шаҳид қилинган ҳайкаллар” деб номланади.
Айрим суратлар ва маълумотлар интернет манбаларидан олинди.
Сардорбек Раҳмонқулов
Мавзуга оид:
Қорабоғ урушидаги ҳарбий ўлжалар музейига саёҳат (фоторепортаж)
28 йил деганда Қорабоғига қайтган қорабоғлик ҳикояси (фото)
Озарбойжон халқаро ташкилотларга Арманистонни жавобгарликка тортиш талаби билан чиқди






