Ўзбекистон Президентининг тегишли қарорига мувофиқ, жорий йилда республика миқёсида ўтказилган маънавий-маърифий соҳадаги “Энг намунали вазирлик ва идора” танловида Мудофаа вазирлиги 96,9 балл билан фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими Республика Маънавият ва маърифат марказида ўтказилди.Тантанада давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таниқли олимлар, маданият ходимлари иштирок этди. Сўзга чиққанлар бугун республикамиз бўйлаб амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар кўлами, миқёси ва эришилган натижаларни эътироф этди.

Таъкидлаш керакки, танловга маънавий-маърифий ишларни тизимли йўлга қўйган, бу борада юқори самарадорликка эришган 20 та вазирлик ва идорадан ариза қабул қилинди. Ғолибликка даъвогарларнинг фаолияти Президент админстрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан жойларга чиқиб, низомда белгаланган мезонлар асосида ўрганилди.
“Энг намунали вазирлик ва идора” танловида пешқадамлик қилган Мудофаа вазирлигига Президент совғаси — Damas русумли автомашина ҳамда 15 миллион сўмлик китоблар тўплами топширилди. Совғаларни мудофаа вазирининг Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев қабул қилиб олди.






