Бугун "Локомотив" ПФК раҳбарияти ва мураббийлар штаби ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Йиғилишда жамоамизнинг Суперлига ва Ўзбекистон Кубогидаги иштироки муҳокама қилиниб, кейинги йил учун режалар белгилаб олинди.
Учрашув чоғида клуб раҳбарияти янги мавсумдан асосий жамоани ёш иқтидорли мутахассис Денис Коростиченко бошқаришини маълум қилди. Хабарингиз бор, португалиялик мураббий Микаел Секейра "Локомотив"ни тарк этганидан сўнг, 27 ноябр куни Қаршида "Насаф" билан кечган баҳсда "темирйўлчилар"ни Денис Коростиченко бошқариб, мавсумнинг охирги ўйинида жамоамиз 3:1 ҳисобида зафар қучди.
Маълумот учун, Денис Владимирович Коростиченко 1986 йил 11 июлда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти - олий. 2014 йил Ўзбекистон Давлат Жисмоний-тарбия институтини тамомлаган. Катта футболдаги фаолиятини "Оқтепа" сафида ўтказган. Мураббийлик фаолиятини эса 2005 йилда бошлаб, дастлаб Тошкент шаҳридаги БЎСМ-17да болалар мураббий бўлиб ишлаган. 2010-2018 йиллари "Бунёдкор" академиясида фаолият юритган Коростиченко 2019 йилдан бери "Локомотив" ПФКда ишлаб келяпти.