АсосийJinoyat

Ғузорда 42 ёшли эркак ўлдириб кетилганми? Текширув бошланди

'Ғузорда 42 ёшли эркак  ўлдириб кетилганми? Текширув бошланди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда "Ғузорда 42 ёшли эркак кўчадан ўлик ҳолда топилди. Марҳумнинг яқинлари унинг ўлдирилганини айтмоқда" номли хабар тарқалди.  

Маълум бўлишича, воқеа жорий йилнинг 10 октябрь куни Ғузорда содир бўлган.  

“Ўша куни турмуш ўртоғим Саидали ака уйга вақтлироқ қайтди. Ўзи мардикорлик қиларди. Ҳовлига кириши билан ҳовли дарвозасини ёпди. Ҳали кеч бўлмаган-ку, нега дарвозани ёпяпсиз деганимдан кейин, ҳали кеч бўлмадими дея яна дарвозани очиб қўйди. Кейин уйга кириб ўзи чой қўйди ва болалари билан гаплашиб ўтирди.

Бироздан сўнг эса ўғлимнинг кийимини кийиб, уйдаги велосипедни минганча мен дўконга чиқиб, болаларга ширинлик ва сенинг пахта теришинг учун қўлқоп олиб келаман дея чиқиб кетди. Кейин билсам ўша куни ва ўша соатда эримни охирги марта кўриб турган эканман”, — деди марҳумнинг беваси Дилдора Қувватова.

Дилдора Қувватова 2021-йилнинг 10-ноябрига қадар турмуш ўртоғи велосипеддан йиқилиб ўлган деган гапга ишониб юрганини, аммо тиббиёт экспертизаси хулосасини кўргач, эри ўлдирилган деган тахминга бораётганини айтмоқда.

“Ўша куни кеч соат 11 да менга қўнғироқ қилишиб, эринг велосипеддан йиқилиб тушди дейишди. Кейинроқ билсам, эрим вафот этган экан. Ўша куни воқеани ўрганган ИИБ ва прокуратура ходимлари эримнинг велосипеддан йиқилиб ўлганини айтганди.

2021-йилнинг 10-ноябр куни эса тиббиёт экспертизасини қўлимга олсам, унда эримнинг ўтмас жисм билан уриб жароҳатлангани, ўлимига шу сабаб бўлгани ёзилган экан. Шундан сўнг, менда эрим ўлдирилган деган шубҳа пайдо бўлди”, — деди марҳуманинг хотини.

Дилдора Қувватова эрининг ўлими сабаблари ёзилган тиббиёт экспертиза хулосаси олинганидан сўнг, маҳалла профилактика инспектори ишдан бўшаб кетганини, қолган масъуллар эса эрининг ўлими сабаблари билан қизиқмаётганини билдирмоқда.

“Ҳеч ким сўрамаяпти. Эрим нега ўлди, ким ўлдирди. Кимга керак бу қотиллик, ҳеч бир раҳбар қизиқмаяпти. Мен эса эримнинг қотилини топишдан умидворман”, — деди Дилдора Қувватова.

Бош прокуратура матбуот хизмати Ҳаёт Шамсутдинов хабар беришича,  кўрсатилган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида Ғузор тумани прокуратураси томонидан қўшимча равишда терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар