Ижтимоий тармоқлар орқали "Мутасаддилар нега жим: Фарғона вилоятидаги маданий мерос объектларидан 9 таси авария ҳолатида" мазмунидаги тарқатилган хабар юзасидан Маданий мерос агентлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, шу бўйича Фарғона вилояти Маданий мерос бошқармасининг мутахассислари ўрганиш ишларини олиб борган.
Маълум бўлганки, ҳозирги кунда вилоятдаги йиллар давомида табиий таъсирлар ва ер юзасидан чуқурликда ер ости сувларининг пайдо бўлиши натижасида 14 та объект таъмирталаб аҳволда.
"Мазкур ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июлдаги ПҚ-5150-сонли қарорига асосан маданий асрашга доир ишларни режалаштириш ва амалга оширишнинг барча босқичларини илмий-техник тадқиқ этиш учун ташкил этилган Илмий-техник тадқиқот гуруҳи мажлисининг 2021 йил 25 ноябрдаги 1-сонли Баёнига асосан вилоятдаги таъмирталаб ва яроқсиз ҳолга келиб қолган Марғилон шаҳридаги Утти тут, Жаҳр, Сафед тўда, Эрвоҳид бува, Қозиё, Думба жўш масжидлари, Қўқон шаҳридаги Ҳаммом биноси, Хуржун мадрасаси, Босмахона биноси, Маҳалла масжиди, Фурқат туманидаги Шотўра масжиди, Бешариқ туманидаги Ботирхон Эшон зиёратгоҳи, Бувайда туманидаги Боязид Бастомий зиёратгоҳи ҳамда Қува шаҳридаги Қува шаҳристони археология ёдгорлиги каби объектларнинг илмий-техник ҳолати ўрганилиб, ушбу ёдгорликлар 2022 йилда асрашга доир ишлар амалга ошириладиган объектлар рўйҳатига киритилиб, ушбу объектлар бўйича тайёрланган далолатномалар, техник топшириқлар, тўпланган материаллар бўйича лойиҳалар устида ишланмоқда",-таъкидланади хабарда.
Маълумот учун айтилишича, Фарғона вилояти маданий мерос бошқармаси тасарруфидаги 376 та моддий маданий мерос объектларини рўйхатга олиш, муҳофаза қилиш ва уларни асраш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилганини келтириб ўтилади. Шунингдек, 2019-2021 йиллар давомида 14 та тарихий бинолар, масжид ва зиёратгоҳларда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилган. Кўҳна Қўқон заминидаги Худоёрхон ўрдаси, Норбўтабек, Миён Ҳазрат, Дастурхончи мадрасалари, Жоме масжиди, Риштондаги Соҳиби Хидоя зиёратгоҳи, Учкўприк туманидаги Шох Салим мақбараси, Ўзбекистон туманидаги Мўйи муборак зиёратгоҳлари шулар жумласиданлиги айтилади.






