Куни кеча Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили (омбудсман) Хамро Бектемиров Урганч шаҳар 11-сон тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифини амалга оширди.
Таъкидланишича, минтақавий вакил маҳбусларга яратилган шарт-шароитларни ўрганиш давомида маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳамда адвокатлар ва учрашув хоналарда яратилган шароитларни халқаро стандартларга мувофиқ эканлиги ҳолатини ўрганган.
Шунингдек, тергов ҳибсхонасидаги, муассасада ушлаб турилган барча шахслар бориши мумкин бўлган ва видеокамера объективидан ҳоли бўлган жойларга ўрнатилган “Омбудсман қутиси”га ташланган мурожаатлар ҳам ўрганилган.
Муассасада сақланаётган мурожаат эгалари билан якка тартибда ўтказилган учрашувларда маҳкум ва маҳбуслар томонидан суд-тергов жараёнлари билан боғлиқ масалалар кўтарилган. Мониторинг давомида олинган барча мурожаатлар Минтақавий вакил назоратига олинган.
"Ёпиқ муассасада сақланаётган шахслар билан ўтказилган якка тартибдаги ва жамоавий учрашувларда руҳий ва жисмоний қийноқ ҳолатлари, муассаса ходимларининг қўпол муомалада бўлиши ёки инсон ҳуқуқ ва манфаатларига хилоф бошқа ҳолатлар бўйича ҳеч қандай мурожаатлар келиб тушмади",-дейилади хабарда.
Алоҳида қайд этилишича, Омбудсманнинг Хоразмдаги минтақавий вакили томонидан вилоят бўйлаб барча ҳаракат эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга ташкил этилаётган мониторинг ташрифлари ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз тўсатдан амалга оширилмоқда.






