Айни дақиқаларда ўз нутқини давом эттираётган Навоий вилояти ҳокими в.б. Нормат Турсунов ўз мурожаатномасида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди, дея хабар бермоқда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.
Ҳоким вилоятда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”дан асоссиз чиқариб юборилаётган ҳолатлар бўлаётганини, рақамлар ортидан қувилиб, “тезроқ дафтарлардан чиқариш керак” деган топшириқ ва тамойиллар асосида ишланганини ҳам тан олиб, энди бу каби ҳолатлар вилоятда бўлмаслиги, кейинги йилдан эҳтиёжмандлар қайтадан хатловдан ўтказилишини маълум қилди.
“Бу мутлақо нотўғри. Иш тартибини ўзгартирамиз. Мазкур дафтарлардаги аҳолининг турмуш даражаси қачонки яхшиланганини билгач, шундан сўнг уларни ушбу дафтарлардан чиқариш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман”, деди у.
Мурожаатномада келтирлишича, жорий йилда "Темир дафтар"га киритилган 19 378 та оилага ҳамда "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари"га киритилган жами 48 минг нафардан зиёд фуқароларга маҳаллий бюджетдан 33,7 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Шунингдек, Нормат Турсунов эҳтиёжманд оилаларга 10 йил муддатга ижарага берилаётган экин майдонларининг “таниш-билишчилик” бўлиб кетмаслиги, ўз ҳақдор эгаларига етиб боришида холис кўмакчи бўлишларини сўраб, вилоят, туман ва шаҳар депутатларидан ёрдам сўради.






