Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти олимлари Ўзбекистон флорасининг ноёб вакили Moluccella bucharica(Б. Федтсч.) Рйдинг реликт ва эндемик турини Турларни муҳофаза қилиш халқаро Иттифоқининг Қизил рўйхатига “бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида” мақоми остида киритдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар тарқатди.
Таъкидланишича, ушбу иш ўзбекистонлик ботаник олимлар томонидан камёб турларни халқаро қизил рўйхатга киритилиши бўйича дастлабки натижаси ҳисобланади. Бухоро молуселласи дунё бўйича фақатгина Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳудудида ўсади. Ярим аср давомида тур популяцияси 79 фоизга қисқариб кетган.
Бугунги кунда ушбу камёб турнинг табиатимиздаги умумий сони 600 га ҳам етмайди. Олимларнинг таъкидлашича, тур популяциясининг қисқариб кетишида кучли антропоген таъсир ва экологиянинг кескин ўзгариб бораётганлиги сабаб бўлмоқда.






