Тошкент аэропорт божхона пости бошлиғи ишдан олинганлиги ҳақида норасмий хабарлар тарқалди. Мазкур раҳбарга қўшилиб унинг икки ўринбосарлари ҳам ишдан бўшатилган. Маълум қилинишича, улар божхона ходимларининг блогерга йўллаган мурожаати ортидан ишдан олинишган.
Божхона қўмитаси “Тошкент АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси ёш ходимлари блогерга йўллаган аноним мурожаатида жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида комплекснинг 2014-2021 йиллардаги молиявий хўжалик фаолияти тафтиш қилиниб, 14 млрд сўм миқдоридаги, бюджет ва махсус фонд маблағлари ўзлаштирилганлиги ҳолати аниқланганлигини билдиришган.
Таъкидланишича, ушбу пуллар ходимларга ойлик маоши, ёрдам пули сифатида тарқатилиши керак бўлган. Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, раҳбарларнинг ҳаракатига баҳо бериш мақсадида сентябрь ойида хизмат текшируви ҳам тайинланган. Лекин жиноят иши бўйича ҳам, хизмат текшируви бўйича ҳам ҳеч кимга жазо берилмаган. Аммо ўзлаштирилган маблағни жойига қайтариш учун ходимларнинг 3-4 ойлик моаши берилмаслиги айтилган.
Мурожаат эълон қилинганидан ўн кун ўтиб, яъни бугун 19-декабрда Давлат божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов буйруғи билан Тошкент аэропорт божхона пости бошлиғи Абдуллаев Раҳим эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлиги маълум қилинди. Унинг икки ўринбосари ҳам ишдан кетгани айтилмоқда.






