Жорий йилнинг 17 декабрь куни Ургут тумани ИИБга фуқаро Э.И. ариза билан мурожаат қилиб, 16 декабрь куни ўзига тегишли, оқ рангли "Дамас" русумли автомашинасини кўчада қаровсиз қолдирганлигини, ушбу машина номаълум шахс томонидан олиб қочилганини айтади. Таъкидланишича, фуқаро ўз машинасини "Чорчинор" маҳалласида йўл-транспорт ҳодисасига учраб, транспорт воситаси ҳодиса содир бўлган жойга ташлаб кетилганлигини кўради.
Таъкидланишича, жиноят иши бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш давомида, "Дамас" русумли транспорт воситасидан олинган қўл бармоқ излари кимга тегишли эканлигини аниқлаш мақсадида, Самарқанд вилояти ИИБ Эксперт криминалистика бўлимига судга-оид дактилоскопик экспертиза тайинланиб, экспертиза хулосасига кўра, мазкур қўл бармоқ излари Ургут туманида яшовчи, 2000 й.т. фуқарога тегишли эканлиги аниқланади.
Қайд этилишича, ушбу шахс вилоят ҳамда туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушланган.
"Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда",- дейилади Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабарида.






