Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаевнинг Осиё тараққиёт банки томонидан Ховос туманига сув таъминоти учун ажратилган 7 миллион доллардан ортиқ маблағ талон-торож қилингани ҳақида гапиргани муҳокама қилинмоқда.
"Ўзсувтаъминот" АЖ вилоят ҳокимининг сув таъминоти учун ажратилган 7 млн доллар ўзлаштирилгани ҳақидаги баёнотини рад этди.
Маълум қилинишича, 2016 йил 23 август куни "Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туман марказларини ичимлик суви билан таъминлаш" лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома расмийлаштирилган эди.
Халқаро тендер комиссиясининг баённомасига асосан пудратчи сифатида Туркиянинг "Алке Инсаат Санайи ве Тиcарет" компанияси ғолиб деб топилди.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун жами 7 млн. 310 минг доллар пул ажратилган эди. Лойиҳа хабарда айтилаётганидек Осиё тараққиёт банки эмас, балки Жаҳон банки иштирокида амалга оширилган бўлиб, бунда Жаҳон банки томонидан 6 млн. 250 минг доллар, Ўзбекистон томонидан эса 1 млн. 060 минг доллар ажратилган.
Ушбу маблағлар талон-тарож қилинмай, пудратчи томонидан лойиҳада кўзда тутилган барча ишлар бажарилган. Хусусан, пудратчи томонидан субпудратчи "Мега-Мебико" қўшма корхонаси билан биргаликда "Сирғали" сув иншоотидан Ховос туманининг "Оқчангал" аҳоли яшаш пунктигача 28 км масофага диаметри 700 мм бўлган шиша толали қувурлар ётқизилиб, қурилиш-монтаж ишлари 2019-йилнинг июн ойида тугатилди.
Бироқ, бугунги кунда қувурлар сув босимини кўтара олмаётгани туфайли тармоқда бир қанча сизгичлар пайдо бўлган. Бу эса, ўз навбатида, аҳолини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш имконини бермаяпти.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, бугунги кунда:
биринчидан, шиша толали қувурларни полиетилен қувурларга алмаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда;
иккинчидан, мазкур обект “Ўзсувтаъминот” АЖ балансида турмаётганлигига қарамасдан, акциядорлик жамияти мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб бормоқда;
учинчидан, акциядорлик жамияти пудратчи ва қурувчи ташкилотларга қувурлардаги ҳаво чиқариш ускуналарини янгисига алмаштириш ишларида амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда;
тўртинчидан, айни пайтда мазкур ҳолат бўйича тегишли идоралар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.






