Аввал хабар қилганимиздек, Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказининг фаолияти сарҳисобига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Унда Марказ томонидан амалга оширилган муҳим лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Lex.uz сайтининг янги версияси тақдимоти билан бир қаторда Марказнинг энг муҳим лойиҳалардан яна бири бу ўз-ўзига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш – “Legal Tech” электрон ахборот тизими ҳақида ҳам маълумот берилди.

Фурқат Тожиев, “Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази директори:
"Мазкур электрон ахборот тизими ишга туширишдан аввал Буюк Британия, Канада, Италия, Германия, Австрияда ва Россия каби ривожланган мамлакатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаси ўрганилиб, мазкур соҳадаги фаолият юритиб келаётган сайтлар таҳлил қилинди.
Бу электрон тизимнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у юристлар ёки адвокатлар иштирокисиз ҳуқуқий ҳужжатларни, хусусан, юридик шахслар фаолиятида фойдаланиладиган корпоратив ҳужжатлар намуналарини, жисмоний шахслар томонидан фойдаланиладиган шартномалар, аризалар, илтимосномалар, битимлар каби бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар намуналарини автоматлаштирилган ҳолда электрон шаклда тайёрлаш имкониятини беради. Энг муҳими бу тизимдан фойдаланиш учун ҳеч қандай юридик билим талаб этилмайди, ҳужжатлар намуналари барча учун тушунарли ва содда кўринишда берилган.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, дунёнинг қатор мамлакатларида бундай ҳужжатларни тайёрлаб бериш хизматлари ва тизимлари пуллик ҳисобланади. “Legal Tech” электрон ахборот тизимида эса хизматлар мутлақо бепул.
Тизимнинг ишга туширилиши нафақат фойдаланувчиларга балки давлат органларига ҳам катта қулайлик яратади, эндиликда ҳуқуқий ҳужжатлар тузишда ортиқча вақт ва ресурс сарфланишининг олди олинади, интернетдан фойдаланиш имконига эга бўлган ҳар бир шахс ҳужжатни тизим орқали тўғридан-тўғри расмийлаштириб олиши мумкин", - дейди Марказ директори.

Маълум қилдинишича, сайтнинг 6 та бўлимида судга оид ҳужжатлар, шартномалар, келишув, битимлар, ишончномалар, корпоратив ҳужжатлар, шахсий таркибга оид ҳужжатлар, ариза, илтимосномалар намуналари, нотариал тасдиқланадиган ҳужжатлар ўрин олган. Тизимдан фойдаланишни янада қулайлаштириш мақсадида бўлимлар 71 та соҳага бўлинган.
"Бугунга қадар 430 га яқин ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича махсус сўровнома саволлари шакллантирилиб, ахборот тизимига киритилиб, фойдаланувчиларга тақдим этилган. Ҳозирга қадар тизимдаги ҳужжатлар 4841 марта юклаб олинган", - дея аниқ маълумотларни тақдим этди Фурқат Тожиев.
Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА






