АсосийЖАМИЯТ

Дунёда бештадан биттаси: Газдан керосин ва бошқа ёқилғилар олувчи лойиҳа биз учун қанчалик аҳамиятли?

Яқин соатларда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида "Uzbekistan GTL” заводининг очилиши ма...

'Дунёда бештадан биттаси: Газдан керосин ва бошқа ёқилғилар олувчи лойиҳа биз учун қанчалик аҳамиятли?'ning rasmi

Яқин соатларда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида "Uzbekistan GTL” заводининг очилиши маросими бўлиб ўтади. Хозирча тадбирга тайёргарлик авжида. Овозлар, микрофон, чироқлар хозирлиги текширилиб, меҳмонлар ўз ўринларини эгаллашмоқда.

"Даракчи" мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг тадбир бошланиши олдидан ёзаётган таассуротларига кўра, лойиҳанинг анчагина йириклиги у ердаги "ҳаво"дан ҳам маълум. Кўпчилик вазирлар, Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари ва соҳага алоқадор йирик халқаро компаниялар вакиллари ҳам маросимга меҳмон сифатида таклиф этилган.  

"GTL" сўзи инглизча "gas to liquid",  яъни "газдан суюқликка" деган маънони англатади. Йирик ҳудудда барпо этилган Uzbekistan GTL заводи 3,6 млрд. метр куб табиий газни қайта ишлаб, 1,5 млн. тонна авиакеросин, дизель ёқилғиси, нафта, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга.  

Шўртан газ-кимё мажмуаси яқинида жойлашган бу завод дунёда бештадан биттаси бўлади (шу пайтгача жаҳонда фақат 4 та давлатда – Қатар, Нигерия, ЖАР ва Малайзияда барпо этилган).

Бу лойиҳа 2008 йилдан 2016 йилгача қўшма корхона сифатида фаолият юритган бўлиб, ўша пайтлар нефтнинг нархи тушиб кетгани сабабли айрим хорижий инвесторлар лойиҳадан чиқиб кетиши ортидан унинг фаолияти оқсаб қолган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли мазкур лойиҳа қайтадан амалга оширилиб, ниҳоят, бугундан ишга тушириш арафасида турибди.

Маълумот, ўрнида бу лойиҳа Ўзбекистондаги 1-энергетика кластери бўлиб, уни қуришда 40 минг тонна металл ишлатилган. Бу 4 та Эйфел минораси қуришга етадиган металл миқдори, демакдир.

Шунингдек, ташриф чоғида Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш лойиҳасига ҳам тамал тоши қўйилади.

    Бошқа янгиликлар