Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев халқ депутатлари шаҳар кенгашининг 24 декабрь куни бўлиб ўтган сессиясида Янги Ўзбекистон кўчаси лойиҳасини тақдим этди, дея хабар бермоқда "Газета.уз".
Қайд этилишича, бунда "Янги Ўзбекистон" боғи ва қурилаётган Олимпия шаҳарчасига олиб борувчи кўча ҳақида гап борган.

Таъкидланишича, авваллари ушбу объектлар Қибрай тумани тасарруфида бўлган, 2021 йил августида пойтахт чегаралари ўзгартирилгач, улар Тошкентнинг Яшнобод тумани таркибига киради.
Шаҳар ҳокимининг сўзларига кўра, Янги Ўзбекистон кўчасига туташ ҳудудларнинг замонавий меъморий қиёфасини шакллантириш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида махсус дирекция ташкил этилган. Ҳозирда "ТошбошпланЛИТИ" институти ва Туркиянинг КEЙМ компанияси томонидан лойиҳанинг бош режаси ишлаб чиқилмоқда.
"Мазкур ҳудудда савдо-маиший ва сервис мажмуалари, меҳмонхоналар, университет, спорт майдончалари, мактаблар ва болалар боғчалари, турар жой объектлари ва бизнес марказлари қурилиши режалаштирилган", — дея маълум қилади Ортиқхўжаев.

Бўлажак Янги Ўзбекистон кўчаси қизил ранг билан кўрсатилган.
Маълум қилишларича, "Янги Ўзбекистон" боғи ва Оҳангарон—Маҳтумқули кесишмаси (собиқ ТАПОиЧ айланмаси)даги уч қаватли кўприк орасида жойлашган кўча Янги Ўзбекистон номини олади.






