АсосийJamiyat

Ижод, тенглик, имконият – “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” да нималар бўлди?

'Ижод, тенглик, имконият – “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” да нималар бўлди?'ning rasmi

“Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” ҳафталиги доирасида 40 га яқин тадбирлар ўтказилди.  Жумладан, “Чексиз ижод – чексиз имкон”, “Старт-уп ва инвестор”, “Старт-уп ташаббуслар” лойиҳалари ҳамда “Летсстандупфорҳер” конференсияси бу гал янги форматда ўтказилди ва кутилган натижаларга эришилди.

Ижод инсон танламас

Инсоният тарихи бу оламга келиб кетган не-не даҳо инсонлар, авлиёлар ва ижодкорларга гувоҳ. Ҳар бир инсон алоҳида иқтидор билан туғилади. Бироқ уни ривожлантирсагина ижобий натижага эриша олади. Қалам тебратишдек бахт берилган имконияти чекланган ёшлар учун “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” унутилмас қувонч ҳадя этди. Улар бир қараганда имконияти чекланган бўлиши мумкин. Аммо, аслида улар чексиз имкон соҳибларидир.

УНДП халқаро ташкилоти, Ёшлар ишлари агентлиги ва Республика ёш ижодкорлар кенгаши ҳамкорликда имконияти чекланган ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг иқтидорини юзага чиқариш мақсад қилган “Чексиз ижод – чексиз имкон” лойиҳасини ташкил этди.  

Лойиҳа жорий йил давомида босқичма-босқич амалга оширилди. Дастлаб имконияти чекланган ижодкорлар ўртасида ижодий танлов ўтказилди. Назм, наср, публицистика йўналишларида қалам тебратувчи 235 нафар иштирокчи орасидан 23 нафари танлаб олинди. Сўнгра уларнинг ижодий ишлари “Чексиз ижод – чексиз имкон” номи остида тўплам ҳолида чоп этилди.  

“Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” доирасида 23-декабр куни тўплам тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги директор ўринбосари Дилноза Каттахонова, Республика ёш ижодкорлар кенгаши раиси Меҳриноз Аббосова, “Артел” компанияси вакиллари, журналист ва блогер Азиза Қурбонова, блогер Шаҳноза Соатова, тўпламга ижодий ишлари киритилган ёшлар ҳамда форум иштирокчилари, ОАВ вакиллари қатнашдилар.

Тадбир сўнгида ижодий ишлари тўпламдан жой олган ёшларга эсталик совғалари топширилди. Шунингдек, ёш шоирлар томонидан композицион чиқишлар намойиш этилди.  

Шеър, ҳикоя ёки публицистик мақоласи тўпламдан жой олган ёшларга ушбу тақдимот катта мотивация, уларнинг ижодига берилган рағбат бўлди.

“Старт-уп”лар амалда

“Старт-уп” – бу бизнеснинг исталган тури, ундаги фарқ бозорга аввал фойдаланилмаган услубда (ўз-ўзидан қонун билан тақиқланмаган) товарлар ёки хизматлар тақдим этишда ифодаланади. Унинг асоси бу ғоя. Ғоя муваффақиятли бизнес лойиҳага айланиши учун мақсад ва тўғри йўналтирилган сармоя даркор.

Бугунги кунда юртимизда старт-уп ва бизнес лойиҳаларига эга ёшлар кўплаб топилади. Жамиятга фойдали ғояларни ҳаётимизга татбиқ этиш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш – бугунги кун талаби.  

Шу аснода “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” доирасида жорий йилнинг 21-22 декабр кунлари Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида “Старт-уп ташаббуслар” ёшларнинг инновацион лойиҳалари тақдимоти финал босқичи бўлиб ўтди.

Ушбу танлов юртимиз бўйлаб 6 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Бу гал иштирокчилар сони аввалги йилларга нисбатан 38 фоизга кўп. Жорий йилда республикамизнинг барча ҳудудидан танловда қатнашиш учун 905 та ариза келиб тушган. Умумий иштирокчилар сони эса 1972 нафар. Аризаларнинг 601 таси экспертлар томонидан танлаб олинган. Якунда 40 та лойиҳа ғолибликни қўлга киритди ва уларнинг ҳар бирига 50 миллион сўм миқдорида мақсадли грант ажратилди.      

Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг таъкидлашича, агар бугун ғолиб бўлган лойиҳаларнинг 5-10 %и муваффақиятга эришиб, самара берса, миллиардлаб даромад олиб келади. Бу жаҳон миқёсида стартапларнинг ривожланиб, ҳақиқий бизнесга айланиш кўрсаткичи ҳамдир.

Шунингдек, ҳафталик давомида 23-декабр санасида “Старт-уп ва инвестор” лойиҳаси доирасида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.

Лойиҳанинг 1-сони жорий йил 20-февралда старт олган ва айни пайтга қадар бир неча маротаба ташкиллаштирилган. Жумладан, 2021-йилнинг 24-март санасида Тошкент шаҳри, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида лойиҳанинг 2-сони бўлиб ўтди. Шунингдек, 29-май куни Тошкент шаҳар Ёшлар Пресс клубида старт-уп лойиҳаларга инвестиция жалб қилиш ҳақида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди. Ушбу сонида стартап яратишга қизиқувчи ёшлар ва ёш тадбиркорлар соҳа экспертларидан керакли маълумотларни олишди, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топишди.

Учрашувда Moliya.uz, Гроwтҳ Аcадемй асосчиси, инвестор Шоҳида Ибрагимова, ИДП ИЕЛТС, Эду-Аcтион ва Эду-Мастер асосчиси Умиджон Ишмуҳаммедов ва Пассенгер Трансит, ТАСС Висион стартап лойиҳалари асосчиси Шаҳзод Умирзаков иштирок этди. Шоҳида Ибрагимова “Молиявий саводхонлик ва унда инвестициянинг ўрни” мавзусидаги, Умиджон Ишмуҳаммедов “Таълимга инвестиция қилиш тўғрими?” мавзусидаги ҳамда Шаҳзод Умирзаков “ТАСС Висион” стартапи ҳақидаги ўз билим ва тажрибаларини ёш тадбиркорлар билан бўлишдилар.  

Тадбирни ўтказишдан кўзда тутилган асосий вазифалар республика бўйлаб инвесторлар клубини шакллантириш, уларни  ёшлар  билан учрашувга жалб этиш, лойиҳага соҳа бўйича экспертларни таклиф қилиш ва уларнинг билимлари билан бўлишишдан иборатдир.

Бу каби лойиҳалар уюшган ёшлар аудиториясини кенгайтиради ҳамда Ватанимизнинг интеллектуал кадрлар захирасини бойитади.

Гендер тенглиги – долзарб мавзу

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015-йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, шунингдек, 2030-йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2030-йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.  

Шу билан бирга, Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон ёшлар форуми – 2021” ҳафталиги давомида жорий йилнинг 22-декабр куни Ёшлар ижод саройида “Летсстандупфорҳер” конференсияси ўтказилди.

Конференсияни ўтказишдан мақсад – Жамиятда аёл ҳуқуқлари учун курашадиган ва гендер-тенглигини тарғиб қилишда фаол иштирок этадиган эркаклар сонини кўпайтириш. Мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир қизлар ва аёллар билан бир сафда туриб улар учун курашадиган эркаклар сафини кенгайтириш орқали жамиятда гендер тенглигини таъминлаш, шунингдек, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларда қизлар фаоллигини оширишдан иборат.

Летсстандупфорҳер лойиҳасининг мақсади Қизларни жамиятда бўлган ўрнини ошириш ва уларни ўзини жамиятнинг тенг аъзоси сифатида ҳис этишлари учун шароит яратиб бериш. Аёллар тенглик ҳақида кўп гапиради, аммо гендер тенглиги эркаклар учун ҳам керак. Бизнинг лойиҳа гендер тенглигининг аҳамият ва моҳиятини эркакларнинг овози билан кўрсатиб бериш. Бундан ташқари кўзга кўринган аёллар ҳуқуқи юзасида ишлайдиган активист ва психолог аёллар билан амалий машғулотлар олиб бориш ва қизларни ўз-ўзини ҳимоя қилишларини ва жамиятда фаол бўлишларини амалда ўргатиш.

Ушбу лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг #heforshe лойиҳаси билан ҳамкорлик қилади.  

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” ҳафталиги янги иқтидорларни бир ерга жамлаб, улар учун дўстона ва фикр алмашиш муҳитини яратди. Ушбу форумни ўтказиш анъанага айланиши ҳамда ҳар йили мамлакатимиз интеллектуал салоҳиятини бойитувчи юзлаб ёшларни кашф этиб боришига ишонамиз.

    Бошқа янгиликлар