Жиззахдаги қурилиш соҳаси машмашалари ортидан вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов ва унинг бир қатор қариндошлари ҳамда бир гуруҳ шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.
Олий суд ахборот хизмати маълум қилишича, Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонкулов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари, 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси 1-қисми, 205-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари, 207-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдорида яъни, 111 500 000 сўм жарима жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, Жиззах ҳокимининг собиқ ўринбосари қарийб 1 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланган. Жиззах вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси маъмурий биносининг қурилиши юзасидан ўтказилган танлов ҳужжатлари ўрганилганида, харид комиссияси аъзолари қурилиш объекти бўйича танловда иштирок этган барча талабгорларнинг (“Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси, “Kamol” кўп тармоқли қурилиш корхонаси ва “Abduvohid Qurilish Ta’mir” МЧЖлар) 100% улуши танлов комиссияси раиси, вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқуловнинг яқин қариндошларига тегишли бўлганини била туриб, бунга бирон-бир қонуний муносабат билдирмаган ва баённомага бу ҳақдаги маълумот киритилмаган.
Бунинг натижасида, танловда ноқонуний ғолиб бўлган “Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси томонидан маъмурий бинонинг қурилишида бажарилмаган 905 млн сўм қурилиш ишларини тўловга асос бўлган ҳужжатларида қўшиб ёзиб киритиб, шу миқдордаги давлат бюджети маблағлари талон-торож қилинганлиги маълум бўлган.