Нукус шаҳри яқинида икки ўйинқароқ дўст қишнинг совуқ кунларида кўл сувининг музлаганлигидан фойдаланиб, унда сирпанчиқ учмоқчи бўлишди. Аммо воқеа улар кутгандек бўлиб чиқмади. ФВВ Матбуот хизмати мазкур воқеа тафсилотлари ҳақида хабар берди.
Маълум қилинишича, дорий йилнинг 29 декабрь куни соат 16:45 да Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг навбатчилик қисмига Нукус шаҳри яқинида жойлашган “Қоскўл” кўли ўртасида иккита вояга етмаган боланинг қолиб кетганлиги тўғрисида шу ердан ўтиб кетаётган гувоҳ орқали шошилинч хабар келиб тушган.
Ташвишли хабарни қабул қилган Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари болаларни қутқариш учун воқеа жойига тезкорлик билан етиб борган.
Маълум бўлишича, кўл ўртасида икки нафар ўйинқароқ дўст муз устида ўйнаётган вақтида муз ёрилиб, дўстлар сувга тушиб кетган. Совуқ сувда ўзларини йўқотмаган болакайлар музлаган сувдан чиқиб олиб, кўл ўртасидаги оролчада қолиб кетишган. Муз ёрилганлиги туфайли болаларнинг ортга қайтиш имкони бўлмаган.
Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида оролчада қолиб кетган болалар қирғоққа олиб ўтилиб, воқеа жойида уларга биринчи тиббий ёрдам берилган ва малакавий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган. Айни вақтда икки дўстнинг аҳволи яхши, улар ота-онаси бағрида.






