АсосийJamiyat

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди

'Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди'ning rasmi

 Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси  порталига Президентнинг "Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида"ги фармони лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Янги Ўзбекистоннинг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳа билан Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича миллий комиссия таркиби ҳамда “Йўл харитаси” тасдиқланмоқда.

Пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорини ўн баробардан ўн икки баробаригача ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартибини жорий этиш, пенсия ҳисоблашда болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтини иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврни 6 йилга ошириш, ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида биринчи-тўртинчи синф ўқувчиларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминлаш, шу жумладан , иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор учун кенг йўл очиш мақсадида эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат иштирокидаги компанияларни хусусийлаштириш ҳисобига 25 дан ортиқ фаолият тури бўйича монополияларни тугатиш, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг 3 миллион сўмгача бўлган тўловларини даромад солиғидан озод этиш ва бошқалар режалаштирилган.

Шунингдек, 2022 йил учун Тараққиёт стратегиясида қуйидаги еттита устувор йўналишлар илгари сурилмоқда:  

  • инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;
  • мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;
  • миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш;
  • адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;
  • маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш;
  • умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш;
  • мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш.

    Бошқа янгиликлар