Маълумки, барчамиз аллақачон Янги йил дастурхони учун таомнома тузишга киришиб кетдик. Бунда албатта, оиладаги яқинларимизнинг саломатлигини ҳисобга олишимиз мақсадга мувофиқ. Чунки ёшлар севиб тановул қиладиган таомларни кексалар ҳазм қила олмаслиги ёки хасталик сабаблар чекловлар бўлиши мумкин. Аммо биз уларни байрамда одатдагига ўхшамайдиган бошқачароқ тансиқ таомлар билан сийлашни хоҳлаймиз. Қуйида бекаларимизга ана шундай парҳезбоп, ширин ва кўриниши бежирим таомлар рецептини ҳавола қилмоқчимиз.
Курка гўштидан рулет
Масаллиқлар: 700 гр. курка гўшти, 150 гр. 9%ли творог, 150 гр. исмалоқ, битта қизил булғор қалампири, 1 дона тухум, 1 чой қошиқ туз, 1 чимдим қора мурч, 1–2 ош қошиқ зайтун ёғи.
Тайёрланиши:
- Курка гўштининг ёғли жойларини кесиб ташлаймиз.
- Курка гўштидан юпқа қилиб кесиб,махсус болғачада уриб юмшатамиз. Кейин туз ва мурч сепамиз.
- Булғор қалампирини майда қилиб тўғраймиз.
- Исмалоқни ювиб, қуритамиз ва зайтун ёғида паст оловда қовуриб оламиз. Кейин унга творогни қўшиб, блендерда майдалаймиз. Сўнг бу масаллиққа тухум, булғор қалампири, туз ва мурчни солиб аралаштирамиз.
- Агар суюқ масса ҳосил бўлса, унга қотирилган нон толқонини майдалаб қўшамиз.
- Тайёрланган курка гўштини творог ва исмалоқли аралашмага ботириб оламиз ва қўлда рулет қилиб ўраймиз.

Ҳар бир рулетни алоҳида зарқоғозга ўраймиз.
- Мантиқасқонни тагига сув қуйиб газга қўямиз. Зарқоғозга ўралган рулетларни мантиқасқонга терамиз ва 20 дақиқа давомида буғда пишириб оламиз.

- Суви оқиб кетиши учун зарқоғозда тешикчалар очамиз. Тайёр бўлган куркали рулетларни совитиб, кўндаланг кесамиз ва ликопчаларда кўкатлар билан чиройли безатиб, дастурхонга тортамиз.
Маслаҳат
Мантиқасқонда карам, сабзи, қовоқ, лавлаги, картошка каби сабзавотларни ҳам пишириб, куркали рулетлар ёнига қўйишингиз мумкин.
Товуқдан дудланган гўшт

Масаллиқлар: 600 гр. товуқ гўшти (ёғ ва суяксиз), 1 бош пиёз, битта қайнатилган сабзи, 50 гр. консерваланган яшил нўхат, 1 дона тухум оқи, 1/2–2/3 чой қошиқ туз, таъбга кўра майдаланган қора мурч, паприка, кашнич уруғи, мускат ёнғоғи каби зираворлар.
Тайёрланиши:
- 300 гр.товуқ гўштини майда тўртбурчак шаклда тўғраб, қолгантовуқ гўштидан қийма тайёрланади.
- Хом пиёз ва пиширилган сабзи тозаланиб, блендерда ёки оддий қирғичдан ўтказиб, бўтқасимон аралашма тайёрланади.
- Гўштли қийма сабзавотлиси билан аралаштирилади ва тузланади, таъбга кўра зираворлар ва тухум оқи қўшилади. Барчаси қўшилиб қорилгандан сўнг яшил нўхат солинади ва яна аралаштирилади.

- Зарқоғоз ёки махсус целофан қоғозли ўрамага тайёр қиймани солинг.Қийма орасида ҳаво қолмаслиги учунпленка тасмалар ёрдамида учи ва ора-орасидан боғланг.
- Мантиқасқонга сув солиб қайнатинг ва қасқонига ўралган гўштни териб, 30 дақиқабуғда пиширинг (мультиваркада пиширсангиз ҳам бўлади). Оловни ўчирганингиздан кейин ҳам уларни мантиқасқонда ёки мультиваркада 10 дақиқа қолдиринг.
- Бу дудланган гўштларни иссиқ пайтида плёнкасини ечиб, истеъмол қилса ҳам бўлади, бироқ музлаткичда қўйиб, совутилган ҳолда кесилса, шаклини яхши сақлайди.
Маслаҳат
Ушбу рецептни ўрнига бузоқ гўштидан тайёрласа ҳам бўлади. Қиймага сабзавотлар ўрнига хоҳласангиз майдаланган зайтун доначалари, булғор қалампири, помидор солишингиз мумкин. Бундай таомни пиширишда оддий плёнка ярамайди, албатта термик ишлов беришга мўлжалланган плёнка ёки зарқоғоз керак бўлади.
Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади






