Адлия вазирининг Матбуот котибига кўра, “Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони асосида 2022-йил 1-январдан қонунчликда қуйидаги ўзгаришлар бўлади:
- суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн ауционда сотувга қўйилган мол-мулк уни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан ауцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топширилади;
- шартнома тарафи иккинчи тарафдан шартнома мажбуриятларини бажаришни қабул қилганда, уни кейинчалик ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга ҳақли эмас;
- давлат харидлари билан боғлиқ тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда коррупсияга қарши қўшимча шартлар белгиланади;
- тадбиркорлар солиқ ва божхона тўловлари бўйича қарздорликни тўламаганда, солиқ ёки божхона органлари банкка қарздорликка тенг пулни музлатиб қўйиш ва уни 30 кундан сўнг ундириш тўғрисида фармойиш юборади ва бу ҳақда тўловчини хабардор қилади;
- коммунал, энергия, алоқа хизматлари, йўловчи ва юкларни ташишга оид табиий монополиялар ишлаб чиққан шартномалар монополияга қарши курашиш органи билан келишилади.






