Эронда бир неча кундан буён кучли ёмғирлар оқибатида сув тошқинлари юзага келди. Бу ҳақда The Watchers хабар берди.
Маълум қилинишича, табиий офат саккиз кишининг умрига зомин бўлган, яна икки киши бедарак йўқолгани айтилмоқда.
Мамлакат миллий қутқарув хизмати вакили Мужтабо Холидий сўзларига кўра, зарар кўрган ҳудудларда қутқарув ишлари бошланган. Қишлоқ хўжалиги жиддий зарар кўргани айтилмоқда. Бундан ташқари, сув тошқинлари туфайли уч мингдан ортиқ инсонга ёрдам кўрсатилган.