Ўзбекистон миллий терма жамоаси 21 январь куни Токио шаҳрида Японияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши кутилган эди.
ЎФА матбуот хизмати хабар қилишича, учрашув бекор қилинган. Бунга коронавирус билан боғлиқ ҳолат кўпайгани сабаб бўлган.
“Маълумки, дунёнинг кўплаб мамлакатларида коронавируснинг “омикрон” штаммига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Хусусан, айни кунларда Японияда ҳам карантин чоралари кучайтирилмоқда. Шу сабабли ҳукумат тавсиясига кўра, Япония футбол ассоциацияси 21-январ куни Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши бўлиб ўтиши режалаштирилган ўртоқлик учрашувини бекор қилишга мажбур бўлди.”, - дейилади ЎФА хабарида.
Айни вақтда ЎФА мутахассислари ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штаби ушбу санада бошқа рақиб билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш борасида иш олиб бормоқда.