Бугун, 9 январь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган "Мен ғолиб" шиори остида 10 километрга югуриш мусобақаси ўтказилди.

Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимовнинг табрик нутқини Туризм ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Зарина Абдуллаева ўқиб эшиттирди.
“Бугун сиз профессионал спортчи бўлмасангизда мусобақадаги иштирокингиз билан кўп миллатли халқимиз орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишда юксак намуна кўрсатмоқдасиз. Шуни чуқур англаш лозимки, давлатимиз сиёсий ҳаётида спортнинг юриш ва югуриш каби саломатлик учун энг фойдали бўлган турларини оммалаштириш устувор йўналишлардан бирига айланган.”,-дейилади унда.
Таъкидланишича, Ҳарбий хизматчилар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, мунтазам равишда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш йўлида уларни бирлаштириш, югуришни оммалаштириш мақсадида ташкил этилган мазкур мусобақада таълим муассасалари орасидан 6та жамоа (ҚК академияси, Жамоатчилик хавфсизлиги университети, ИИВ академияси, ДХХ академияси ҳамда ФВВ академияси) мусобақалашишди. Жами 500 нафарга яқин иштирокчини қамраб олган мазкур мусобақада умумий ҳисобда 390 нафар кучишлатар ҳамда таълим муассасаларидан вакиллар қатнашишди.
Маълумот учун, "Мен ғолиб" югуриш мусобақасида ҳар бир жамоа 30 нафардан иштирокчи, улардан 3таси профессионал спортчи ҳамда 3 нафар аёлдан иборат бўлиши лозим. Жамоа ҳисобида энг яхши 25 натижа, улардан 3таси аёл қатнашчиларнинг натижалари қайд этилиши белгиланган.
Хабар қилинишича, югуриш мусобақаси "Халқлар дўстлиги" саройи майдонидан старт олди. Фурқат, Бешёғоч, И.Каримов ҳамда А.Темур шоҳ кўчаси бўйлаб А.Темур ҳайкали айланма йўлига йўналиш олди. Шунингдек, хронометражнинг назорат нуқтаси шу ердан орқага қараб йўналиш олган.
"Ҳар йили бир неча бор ўтказиладиган мазкур югуриш мусобақасида энг маҳоратли атлетлар, ҳарбий хизматчилар саралаб олинди",-дея маълум қилинади.


Жумладан, қуйидаги номинациялар бўйича иштирокчилар тақдирланган:
Эркаклар ўртасида:
Шоҳруҳ Давлатов - Абсолют – гендер кўрсаткичлари бўйича ажратилган югуриш иштирокчилари орасида;
Аёллар ўртасида:
Алима Ҳакимова - Абсолют – гендер кўрсаткичлари бўйича ажратилган югуриш иштирокчилари орасида;
Миллий гвардия - Кучишлатар тузилмалар жамоалари ўртасида жамоавий биринчилик;
ИИВ академияси - Кучишлатар тузилмалар таълим муассасалари ўртасида жамоавий биринчилик.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси спорт клубларининг ҳаваскор югурувчилари, скадинавча юриш ва югуриш ҳаваскорлар жамиятлари вакиллари ҳам югуриш мусобақасида иштирок этишгани айтилади.






