Наманганда 150 минг сўм эвазига Instagram саҳифасидаги обуначиларини кўпайтириш ортидан икки блогер ўртасида келиб чиққан келишмовчилик қотиллик билан тугади.
Қайд этилишича, ҳодиса Чуст туманида ўтган йилнинг 5 августида содир бўлган. Судланувчи М.Ш. таниши 21 ёшли Р.А.дан ўзининг Instagram’даги обуначиларини 150 минг сўм эвазига кўпайтириб беришни сўраган.
Маълум қилинишича, М.Ш. ва Р.А. ўртасида мазкур пул сабаб низо келиб чиққан. Келишмовчилик ортидан М.Ш. Р.А. билан яшаш уйи олдида учрашиб, унга қасддан пичоқ урган. Бунинг оқибатида Р.А. олган тан жароҳати сабаб шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат бўйича қўзғатилган жиноят иши Наманган вилояти Чуст туман судида кўриб чиқилди. Судланувчи М.Ш. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “и” банди билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.