"Пахтакор"ни Шимолий Македониядан бўлган мутахассис бошқаради.
47 ёшли мураббий Славче Войнески билан клуб ўртасида 2022 йил охирига қадар мўлжалланган шартномага имзо чекилди. Битим томонларнинг хоҳиши билан мавсум давомида узайтирилиши мумкин.
Войнески Шимолий Македонияда турли тоифадаги ёшлар терма жамоаларида узоқ муддатли фаолияти билан танилган. У 1999-2004 йиллар оралиғида ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида ишлаган. 2004-09 йилларда эса миллий терма жамоада ёрдамчи мураббий сифатида меҳнат қилган. Асосан Сречко Катанец ва Драго Канатларовскига ёрдам берган. Шундан кейин Туркияда "Элазигспор", "Генчлербирлиги", "Газиантепспор" ва "Ризеспор" клублари мураббийлар штабида фаолият олиб борган. 2019 йил Словакиянинг "Серед" клубида бош мураббий сифатида ишлаган. У ёшлар билан тизимни йўлга қўйиш орқали яхши ишлаган мутахассис сифатида баҳоланади.
Умид қиламизки, Славче Войнескининг "Пахтакор"даги фаолияти муваффақиятли ва совринларга бой кечади.






