АсосийJamiyat

“Сўғдиёна-W” ва “Бунёдкор-W” ОФК лицензиялашидан муваффақиятли ўтди

'“Сўғдиёна-W” ва “Бунёдкор-W” ОФК лицензиялашидан муваффақиятли ўтди'ning rasmi

Осиё футбол конфедерацияси талаби асосида ҳар йили эркаклар жамоалари лицензиялаш жараёнидан ўтказади. 

Ўзбекистон Осиёда биринчилардан бўлиб аёллар жамоаларини ҳам лицензиялашдан ўтказишни йўлга қўйди. Хусусан, ортда қолган 2021-йилда Осиёда илк бора аёллар жамоалари ҳам синов тариқасида лицензиялашдан ўтказилди. ЎзПФЛ ОФКнинг қитъада аёллар футболини ривожлантириш бўйича қилинаётган мазкур ташаббусини қўллаб-қувватлади ва ОФКнинг сўровига ижобий жавоб берган ҳолда, кам сонли мамлакатлар қаторида Ўзбекистон аёллар Олий лигаси жамоалари илк бора лицензиялашга ариза топширишди. Бунда 11 та клуб – Олий лиганинг 10 та иштирокчиси ва кўнгилли тарзда Биринчи лиганинг “Динамо-W” жамоаси ОФКнинг онлайн платформаси – АФC CЛАСга 5 асосий тамойил: спорт, инфратузилма, ишчи-ходимлар, ҳуқуқий, молиявий мезон бўйича зарур ҳужжатлар тўпламларини юклаб боришди.

Якунда, 2 та клуб – Жиззахнинг “Сўғдиёна-W” ҳамда Тошкентнинг “Бунёдкор-W” жамоалари ОФК лицензиясини қўлга киритишди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди. 

Қитъа футбол уюшмасининг режасига кўра, 2022-йилдан эътиборан аёллар жамоаларини лицензиялаш жараёни барча қолган аъзо давлатларда ҳам қатъий татбиқ этилади. Боиси 2023-йилдан бошлаб аёллар жамоалари ўртасида тўлақонли Осиё Чемпионлар лигаси ташкил қилиниши режалаштирилмоқда ва ушбу мусобақада келаси йилдан фақат лицензия оладиган клубларгина иштирок этади.

Бошқа янгиликлар