Термиз шаҳрида волейбол бўйича 2004-йил ва ундан кичик ёшдаги қизлар ўртасида ўтказилган Республика турнири якунланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Респубилкаси Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Термиз давлат техника университети спорт мажмуаси мезбонлик қилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Андижон, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё ҳамда Сурхондарё вилоятидан 2та жамоа ғолиблик учун баҳс олиб боришди.
Қуръа натижасига кўра “А” гуруҳидан Хоразм, Қашқадарё, Андижон ва Сурхондарё-2 жамоалари ўрин олишди. Ушбу квартетда барча ўйинларни кўтаринки руҳда ўтказган андижонлик волейболчи қизлар гуруҳ ғолиби сифатида ярим финалга йўл олишди. Хоразм вилояти жамоаси эса 2-ўринни эгаллади.
“Б” гуруҳида Наманган вилояти жамоаси 1-ўринни қўлга киритган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси ёш волейболчи қизлари иккинчи бўлишди. Фарғона ва Сурхондарё-1 жамоалари кейинги ўринларни банд этди.
Водий жамоалари ярим финални ҳам кўтаринки руҳда ўтказишиб, финалга йўл олди. Ўзига хос “водий дербиси”да Андижон вилояти жамоаси наманганлик дугоналарини 3-2 ҳисобида мағлубиятга учратди ва Республика турнири ғолиблигини қўлга киритди.
Таъкидлаш керак, ушбу мусобақа жорий йил июн ойида Тошкент шаҳрида илк бор ўтказиладиган қизлар ўртасида У-17 Осиё чемпионати олдидан терма жамоага муносиб номзодларни саралаш имконини берди.