Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Носирбек Абдуллаханов бошчилигидаги Наманган вилояти делегацияси Озарбайжонда бўлиб,М.Топчубашев номидаги илмий-жарроҳлик маркази ва Боку марказий клиникаси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказган эди. Бугун ушбу мулоқотлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Хусусан, куни кеча Боку марказий клиникаси Ортопедия ва травматология, спорт тиббиёти ва физиотерапия маркази раҳбари Элвиз Гасимов, “Huner group” бошқарув раиси Эҳтирам Гулиев, “Роматем” шифохоналар тармоғи асосчиси ва раиси доктор Коксал Ҳололўғлу пойтахтимиздаги хусусий тиббиёт муассасалари, шу жумладан, “Медион” клиникаси фаолияти билан танишди.
Даставвал бўлиб ўтган мулоқот чоғида бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар давлат сиёсатининг бош мақсадига айлангани, бу борада қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, соҳанинг барча йўналишларини комплекс ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани тўғрисида маълумот берилди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари томонидан хусусий тиббиёт муассасаларига қўшимча шарт-шароит ва имтиёзлар берилаётгани натижасида мамлакатимизда тиббиётнинг хусусий сектори ривожланиб бораётгани таъкидланди. Шунингдек, мулоқотда ходимлар малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш борасидаги ҳамкорлик масалаларига ҳам урғу берилди.
Меҳмонлар хусусий клиника фаолияти билан яқиндан танишар экан, бу ерда барча тиббий хизматлар кўрсатилаётгани, нафақат беморлар, балки соҳа мутахассислари учун яратилган шароитларга юқори баҳо берди. Яна бир жиҳат, хизмат кўрсатиш борасидаги нахрларнинг анча арзонлигини алоҳида эътироф этди. Қолаверса, хорижий мутахассисларнинг ҳам фаолият юритиши ва ўзаро тажриба алмашишини ижобий баҳолади.
Қолаверса, “Роматем” клиникасининг Ўзбекистонда филиалини очиш, йирик реабилитация маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда инвестиция киритиш иштиёқи пайдо бўлганини билдириб, бир қатор шифокорларни тажриба алмашиш мақсадида Туркияга таклиф қилди.
Шунингдек, яқин кунларда Боку марказий клиникаси Ортопедия ва травматология, спорт тиббиёти ва физиотерапия маркази раҳбари Элвиз Гасимов тиббиётнинг хусусий сектори фаолияти билан яқиндан танишиш ва кўплаб амалий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида ўзбекистонлик ҳамкасбларини Бокуга таклиф қилди.






