АсосийJamiyat

“Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталигига старт берилади

'“Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталигига старт берилади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар режасида 2022 йилда “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталигини ташкил этиш ва ўтказиш белгиланган эди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Унда бир қатор вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, маҳаллий кенгашларнинг Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирок этди.

Ҳафталикни ўтказишдан кўзланган мақсад иқтисодиёт тармоқларининг турли йўналишларида ихтирочилик ва рационализаторлик фаолияти билан шуғулланаётган, илмий тадқиқот ишлари олиб бораётган иқтидорли хотин-қизларни излаб топиш, лойиҳаларини тарғиб этиш, иқтидори ва уларнинг янги қирраларини кашф этиш, мутахассис хотин-қизлар, талаба ва ўқувчи қизлар орасида соғлом рақобат муҳитини вужудга келтириш, ташаббус ва интилишларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.

Йиғилишда ҳафталикни жойларда юқори савияда ташкил этиш, турли танловлар, хотин-қизлар форумлари, кўргазма ва ўқув семинарлари, мотивацион психологик-тренинглар ҳамда давра суҳбатларини ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, олима аёллар, ўқитувчи, ихтирочи, рационализатор, муҳандис, лойиҳачи, дастурчи, шифокор, фармацевт, тадбиркор, ҳунарманд, аграр ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган мутахассис хотин-қизлар, талаба ва ўқувчи қизлар ўртасида самарали илмий-ижодий алоқаларни йўлга қўйиш, инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, республикамизнинг барча ҳудудида 100 нафардан ихтирочи аёлларини аниқлаб, улар билан истиқболда манзилли ва мақсадли ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Муҳокамалар сўнггида иштирокчилар томонидан ҳафталикни ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган Низом лойиҳаси учун қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

    Бошқа янгиликлар