АсосийJamiyat

Миробод тумани ҳокимининг бир йўла икки қарори суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилди

'Миробод тумани ҳокимининг бир йўла икки қарори суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилди'ning rasmi

Миробод туман ҳокимининг 2018 йил 15 октябрдаги қарорига кўра, туманнинг Боғишамол кўчаси, 122-уй манзилида фойдаланишдаги 400 кв. метр ер майдонида мавжуд қўшимча рухсатсиз қурилган 3 та яшаш хонаси ҳамда ёрдамчи хўжалик биноларига нисбатан С. А. номига мулк ҳуқуқи эътироф этилган ва уй-жой тегишли тартибда С. А. номига давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди...

Маълум қилинишича, туман прокурори томонидан 2021 йил 18 июлдаги туман ҳокимининг 2018 йил 15 октябрдаги қарори бекор қилиш ҳақида протест келтирилган.

Туман ҳокимининг 2021 йил 10 сентябрдаги қарорига кўра протест қисман қаноатлантирилиб, туман ҳокимининг 2018 йил 15 октябрдаги қарорининг 2-банди, яъни “Боғишаол кўчаси, 122-уй манзилидаги умумий фойдаланишдаги 400 кв. метр ер майдонидаги фуқаро А. С. га тегишли бўлган 66,31 кв. метр ҳужжатсиз қурилмаларга шундан 40,75 кв. метр 3 та яшаш хонаси, 2 та дахлиз ҳаммом, ҳожатхона, айвон, ҳаммом-ҳожатхона ва соябонларга мулк ҳуқуқи этироф этилсин” деб ўзгартириш киритилган.

Шунингдек, туман ҳокимининг 2021 йил 18 сентябрдаги қарори билан туман ҳокимининг 2021 йил 10 сентябрдаги қарори ўзгартириш киритилиб, яъни мазкур қарорнинг 2-бандидаги “ҳаммом-ҳожатхона” сўзлари чиқариб ташланган.

Юқоридаги ҳоким қарорларидан норози бўлиб, судга шикоят ариза билан мурожаат этган.

Сухроб Юлдошев, Тошкент туманлараро маъмурий судининг раиси: 

- Аниқланишича, Боғишамол кўчаси, 122-уй манзилида уй-жой ва ундаги ёрдамчи хўжалик бинолари туман ҳокимининг 2018 йил 15 октябрдаги қарорига билан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарори асосида, яъни бир марталик умумдавлат акцияси доирасида А. С. номига мулк ҳуқуқини эътироф этилган.

Президентнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6243-сонли Фармонининг 4-банди учинчи хатбошисига кўра, туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган.

Фармоннинг 5-бандига асосан қонунчилик ҳужжатларида ушбу Фармонда белгиланганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар 2021 йил 1 августдан тўлиқ бекор қилинган.

Туман ҳокимининг 2021 йил 10 сентябрдаги қароридан кўринишича, туман ҳокимининг 2018 йил 15 октябрдаги қарорига билан Миробод тумани, Боғишамол кўчаси, 122-уй манзилида С. А. нинг фойдаланишдаги 549 кв. метр ер майдони, 400 кв. метр ер майдонига ўзгартирилиб умумий фойдаланишда қолдирилган.

Президент Фармонига кўра, туман ҳокими ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинганигини эътиборда четда қолдириб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни ўзгартириш ҳақида ноқонуний қарор қабул қилган.

Шу боис, суд туман ҳокимининг 2021 йил 10 сентябрдаги қарорини ноқонуний деб ҳисоблаб, уни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Бундан ташқари, туман ҳокимининг 2021 йил 18 сентябрдаги қарори билан туман ҳокимининг 2021 йил 10 сентябрдаги қарорига ўзгартириш киритилиб, яъни мазкур қарорнинг 2-бандидаги “ҳаммом-ҳожатхона” сўзлари чиқариб ташланган, яъни аризачи С.А. нинг мазкур бино ва иноотларга нисбатан мулк ҳуқуқи бекор қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 59-моддасида, маъмурий ҳужжат манфаатдор шахснинг аризаси ёки маъмурий шикоятига кўра маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий орган, юқори турувчи маъмурий орган томонидан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа органлар томонидан ҳам бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Қонунинг 60-моддаси талабларига кўра, маъмурий ҳужжатни манфаатдор шахс фойдасига бекор қилиш мажлис ўтказмасдан амалга оширилиши мумкин.

Маъмурий ҳужжатни манфаатдор шахс манфаатларига зид равишда бекор қилиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, уни мажлисда қайта кўриб чиқиш орқали амалга оширилади.

Хусусан, туман ҳокимлиги томонидан 2021 йил 10 сентябрдаги қарорининг ўзгартирилиши аризачининг манфаатларига зид равишда мулк ҳуқуқи бекор қилиш ҳисоблансада, бироқ туман ҳокимининг ушбу қарорини ўзгартириш масаласи мажлисда кўриб чиқиш орқали амалга оширилмаган.

Мазкур қонуннинг 9-моддасида, маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шарт. 

Қарор, уни муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган манфаатдор шахс С. А. нинг иштирокисиз кўрилгани боис, у қарорда келтирилган ҳолатларга эътироз билдириш, ўз фикрларини баён қилиш, қўшимча ҳужжатлар ва далилларни тақдим этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.

Демак, туман ҳокимлиги қонунда белгиланган тартиб-таомилларга зид равишда қарорига ўзгартириш киритилган бўлиб, ҳоким қарори қонунга мувофиқ эмаслиги ҳамда азизачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётган ҳужжат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс”нинг 189-моддаси 2-қисмига мувофиқ, Суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас, ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Тошкент туманлараро судининг 2021 йил 25 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан туман ҳокимлигининг 2021 йил 10 сентябрдаги ҳамда 2021 йил 18 сентябрдаги қарорларини ҳақиқий эмас деб топишни лозим топилди.

Шу билан бирга, суд туман ҳокимлиги томонидан юқоридаги қонун бузилиш ҳолатларига чек қўйилиши, фуқароларнинг судларга қатнаб, маблағи ва вақтини сарфлаб, ортиқча оворагарчиликларга йўл қўйилмаслигини олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш, айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш ҳамда бу каби қонунбузилишларни бартараф этиш борасида хусусий ажрим чиқарилиб, мазкур ажримни умумий йиғилишда муҳокама қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига юборилди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар