Тошкентда давом этаётган бокс бўйича 22 ёшгача бўлган эркаклар ва аёллар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари қизғин давом этмоқда. Мусобақанинг бугунги, яъни 24-январ санасига белгиланган дастурида тўрт нафар боксчимиз рингга кўтарилди ва қувонарлиси, уларнинг барчаси ғалаба қозонишди.
Жумладан, эркаклар ўртасида -54 кг вазн тоифасида Шаҳзод Музаффаров малайзиялик Муҳаммад Имдадга қарши рингга кўтарилди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
-57 кг вазн тоифасида эса Абдулазиз Абдупаттаев Қирғизистон вакили Омурбек Данияр уулуни 5:0 ҳисобида мағлуб этди.
Аёллар ўртасидаги баҳсларда эса -50 кг вазн тоифасида Сабина Бобоқулова тожикистонлик тенгдоши Руҳафзо Ҳақназаровага ҳеч қандай имконият қолдирмади. Якуний натижа 5:0, ҳамюртимиз фойдасига.
-52 кг вазн тоифасида Феруза Казакова Мўғулистон терма жамоаси аъзоси Мунгунсаран Балсан устидан 4:1 ҳисобила зафар қучди.
Эртага, 25-январ кунги жангларда яна 8 нафар ҳамюртимиз рингга тушади. Жанглар соат 16:00да бошланади.