Маълумки, 25 январь куни республикамизнинг аксарият ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилиш кузатилди.
Коронавирусга қарши эмлашда ишлатиладиган вакциналарнинг айримлари музлатилган ҳолда ва айримлари эса совуқ ҳолда сақлашни талаб этади. Электр таъминотидаги узилишлар пайтида ҳудудлардаги вакциналарни сақлаш омборлари ва вакциналар мавжуд поликлиникалар электр токи билан узлуксиз таъминланган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров маълум қилди.
"Электр энергияси ўчиши натижасида биронта ҳам вакцина яроқсиз ҳолга келмаган. Бугунги кунда республикамиз бўйича жами 221 та вакцина сақлаш омборлари бор. Уларнинг 206 таси кичик омборхоналар бўлиб, улар туманларда жойлашган, 14 таси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ва биттаси Ўзбекистон Миллий вакциналар сақлаш омбори ҳисобланади. 25 январда кузатилган электр энергияси таъминотидаги узулишлар пайтида вакцина сақлаш омборлари махсус генераторлар ёрдамида узлуксиз электр токи билан таъминланди. Чекка-чекка туманлардаги вакцина сақлаш омборларининг барчасида генераторлар йўқлиги боис улар движоклар ёрдамида электр энергияси билан таъминланди. 27 январь ҳолатига кўра Ўзбекистонда 7 миллиондан ортиқ ишлатилмаган вакциналар бор. Булар Moderna, Pfizer ва ZF-UZ-VAC2001 вакциналари", - дейди матбуот котиби.
Дилорам Турсунова, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Вакциналар ва иммунопрофилактика бўлими бошлиғи:
–Ҳар битта эмлаш ишларини олиб борадиган поликлиникаларнинг ўз генераторлари бор. Электр токи ўчгани билан бу уларнинг ишига таъсир қилмаган, қандай ишлаган бўлса, шундай ишлашни давом этган. Шу сабабли, бир дона вакцина ҳам яроқсиз ҳолга келмаган. Маълумот ўрнида айтиш керакки поликлиникалар олдинроқ 1 ой муддатга етадиган вакциналарни олиб кетган. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон бўйича 3138 та эмлаш пунктлари бор.






