Бугун Тошкентда давом этаётган бокс бўйича У-22 ёш тоифасидаги эркаклар ва аёллар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари ўз якунига етади. Мусобақанинг сўнгги кунида 5 нафар қизимиз олтин медаллар учун рингга кўтарилди.
Жумладан, -48 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Фарзона Фозилова тожикистонлик Сумайя Қосимовага қарши рингга кўтарилди ва терма жамоамизга илк олтин медални тақдим этди.
-50 кг вазн тоифасидаги боксчи қизимиз Сабина Бобоқулова эса Шри-Ланка вакиласига қарши кечган жангда муддатидан аввал, иккинчи раунддаёқ ғалабани нақд қилди.
-52 кг вазн тоифасида яна бир вакиламиз Феруза Казакова япониялик Ринка Киношитага ҳеч қандай имконият қолдирмади.
Ниҳоят -63 кг вазнли боксчимиз Моҳинабону Абдуллаева мўғулистонлик рақибасини мағлуб этди ва терма жамоамиз ҳисобига тўртинчи олтин медални қўшиб қўйди.
Фақат, финал жангларида қатнашган ҳамюртларимиздан -54 кг вазнда Нигина Ўктамова бошқа бир мўғулистонлик боксчи қизга имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медал билан чекланди.






