Аввалроқ Шавкат Мирзиёев, спорт, соғлиқни сақлаш, электр энергияси соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишгани ҳақида ёзган эдик.
Тақдимотда мактаблар қамровини оширишга оид лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари бу масалага ҳам алохида тўхталиб ўтди.
"Тасаввур қилинглар: қишлоқларда оддий одамларга нима керак, ёшларга нима керак? Болалар кечқурун нима ўйнайди? Ёши катталар қаёққа бориб, суҳбатлашади? Шуларни ўйлаб, халқимиз хоҳишини инобатга олиб, лойиҳа қилиш керак. Масалан, маҳаллада мактаб, стадион бор. Шунинг ёнида сунъий қопламали мини-футбол майдони, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка учун жойлар ташкил этиш мумкин. Бунга керак ҳамма нарса ўзимизда ишлаб чиқарилаяпти.
Иккинчидан, шу жойларда кутубхона, компьютерхона, ошхона, ҳаммом қурса бўлади. Келгусида шифокор пунктларини ҳам жойлаштириш мумкин. Умуман, бу орқали ҳам хизматлар ривожланади, ҳам одамлар рози бўлади",-дейди Мирзиёев.
Президент матбуот хизматига кўра, келгуси беш йилда Ўзбекистонда 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни ташкил этиш зарур. Шу боис Президент янги мактаблар қуриш ва мавжудларининг қувватини ошириш бўйича топшириқ берган эди. Шунга асосан, 330, 660, 990, 1320 ва 1650 ўринли мактаблар лойиҳаси тайёрланган. Бунда қўшимча бино, кўп функцияли зал, санитария-гигиена хоналари қуриш, замонавий лаборатория, интерактив доска, қулай ўриндиқлар билан жиҳозлаш каби барча жиҳатларга эътибор қаратилгани айтилади.
Шавкат Мирзиёев мутахассислар билан ҳар бир мактабнинг асоси ва девори ҳолатини ўрганиб чиқиш зарурлигини ҳам таъкидлаб ўтган.
"Буни нима учун айтаяпман? Иложи борича, ҳозирги мактабларнинг ўзини кенгайтириш керак. Чунки болалар ҳам, ўқитувчилар ҳам ўша жойга ўрганган. Маҳалланинг ўртасида бошқа бўш ер йўқ. Чекка жойдан қурсак, бориб-келишга транспорт керак, болалар қатнашга қийналади. Шунинг учун мактабларнинг ўзига қўшимча қават ёки ёнидан бино қуриш мақсадга мувофиқ", – деди Президент.
Шунингдек, ҳолатига қараб, ҳар бир мактабга алоҳида ёндашиш, аҳоли демографиясини инобатга олиб, қаерда неча қаватли бино қуришни ҳисоб-китоб қилиш бўйича топшириқ берилгани айтилади.






