Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 1091 ишонч телефони орқали Қашқадарё вилояти Муборак туманида яшовчи Э.Саидов томонидан мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда федерация ахборот хизмати Darakchi.uz га хабар берди.
Қайд этилишича, истеъмолчи ўз хонадонининг том қисмини ёпиш мақсадида Касби туманида жойлашган “Тилак Остон” хусусий корхонасига қарашли қурилиш моллари савдо дўконидан жами 180 дона шиферни 8 миллион 100 минг сўмга сотиб олади. Уйнинг том қисми шифер билан ёпилганига кўп бўлмасдан, шиферлар сифатсизлиги сабаб унда ёриқлар ҳосил бўла бошлайди. Бир неча ҳафта ичида шиферларнинг ҳаммаси яроқсиз ҳолга келиб қолади. Э.Саидовнинг ўзига етказилган зарарни қоплашни сўраб тадбиркорга қилган мурожаати эса эътиборсиз қолдирилади.
Мурожаат ўрганилиши натижасида, томга ёпилган шиферлар ҳақиқатда ўта сифатсизлиги, тўлиқ яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги аниқланди, сотувчига амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик талаблари тушунтирилди ва сифатсиз шиферлар сифатлисига алмаштириб берилиши таъминланган.






