Республика бўйича 2022 йил бошидан 215 та ҳолатда улгуржи истеъмолчилар томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланилган ҳолатлари аниқланди. Улар томонидан етказилган зарар миқдори 5,5 млрд сўмни, ҳисоб-китоб қилинган газ ҳажми 4,9 млн метр кубни ташкил этган. Бу ҳақда "Ўзнефтгазинспекция" хабар берди.
Маълум қилинишича, республика аҳолиси ва ижтимоий соҳа муассасаларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш бўйича Энергетика вазирлиги томонидан ташкил этилган республика ва ҳудудий комиссиялар иш олиб бормоқда. Бу борада автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларини маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-графикка асосан сутканинг маълум вақтида табиий газ қисқартирилиши назоратга олинган.
Амалга оширилган ишлар натижасида 24 январь кунига қадар АГТКШлардан бўшатилган 66,6 миллион метр куб табиий газ ҳажмлари аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа муассасаларига йўналтирилган.






