Кеча, 1 февраль куни бир қатор вазирликлар масъуллари иштирокида маҳалла тузилмасига оид электрон платформалар (маълумотлар базаси, дастурлар)ни ишлаб чиқиш, уларни интеграция қилиш масалалари юзасидан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев йиғилиш давомида маҳалла институти тузилмасига оид қатор вазифаларга тўхталиб ўтар экан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги ПФ-6196-сон Фармонига мувофиқ, Ички ишлар вазирлигига “Smart mahalla” ахборот дастурини ишга тушириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПҚ-4602-сон қарорига мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига “Маҳалла” электрон маълумотлар базасини такомиллаштириш вазифаси юклатилганлигини таъкидлаб ўтган.
Таъкидланишича, таклифлар асосида барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари учун фойдаланиш мажбурий бўлган, идентификациялашнинг уникал (ID) рақамига эга маҳалла маълумотнома ва классификаторлар ягона регистри ҳамда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинининг рақамли паспортлари ягона базасини ишлаб чиқиш бўйича зарур чоралар белгилаб олинган.
Шунингдек, мавжуд ташкилотларнинг соҳага доир шаклланган дастурлари, уларнинг ишлаш механизмларидан келиб чиққан ҳолда маҳалла институтининг янги электрон платформасини ташкил этиш бўйича зарур таклифлар ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилган.






